Миллий матбуот марказида 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган ҳамда жорий ҳафта кутилаётган расмий тадбирлар ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берди.
Ўтган ҳафта Президентимиз “Uzbekistan airways” ва “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш бўйича тақдимотлар билан танишди, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. 23 апрель куни 6 та давлат ва Европа иттифоқининг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди, шунингдек, дипломатик миссиясини якунлаётган Тожикистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомийни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари ўша куни Тошкент шаҳридаги янги корхоналар ва пойтахтдаги ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Ушбу тадбирлар бўйича қуйидаги янгиликлар маълум қилинди:
– аҳоли учун авиачипталар нархини арзонлаштирилади, чипта сотиб олишдан то самолётга чиққунча бўлган барча жараён тўлиқ рақамлаштирилади;
– Тошкент халқаро аэропортига кириб боришдаги анчадан бери ёпиқ турган эстакада йўли очилиши кутилмоқда;
– Жаҳон банки маълумотига кўра, хизматларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ривожланаётган давлатларда 50 фоиз, ривожланган давлатларда эса 75 фоиздан ошади. Мамлакатимизда ўтган йил бу кўрсаткич 36 фоизни ташкил этган;
– Ўзбекистонда туризм, ахборот технологиялари, йўл бўйи инфратузилмаси, тиббиёт, таълим ва бошқа йўналишларда иш ўринларини кескин кўпайтирилади, бунинг учун жами 500 миллион доллар йўналтирилади.
Тошкент шаҳридаги янги корхоналар ва Парвоз маҳалласи билан танишув бўйича:
– қаерда электр тармоқларига ноқонуний уланиш бўлса, шу заҳоти “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Электр энергиясини ҳисобга олиш марказига маълумот келади;
– ушбу “ақлли” тизим ўрнатилгани натижасида йилига 2-3 миллиард киловат соат электр энергияси йўқотилмайдиган бўлди. Энди бу қўшимча қувват электр тақчиллиги кузатилаётган ҳудудларга йўналтирилади;
– собиқ Тошкент авиация заводи негизидаги Технопаркда ўтган ҳафта ишга туширилган тўртта янги корхонанинг ўзида минг киши ишли бўлган.
– Фурсатдан фойдаланиб, бир нарсани айтмоқчиман. Ота-оналар, мактаб ва олийгоҳлар раҳбарлари ёшларимизни шу корхоналарга экскурсияларга олиб бориб, янги Ўзбекистондаги тарихий ўзгаришларни кўрсатишса, замонавий технологик соҳаларга қизиқтиришса жуда яхши бўларди, – деди Шерзод Асадов.
– Яшнобод туманидаги Парвоз маҳалласи намуна қилиб олиниб, Тошкент шаҳридаги барча 524 та маҳаллани обод қилиш учун уларнинг ҳар бирига ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, ўртача 2 миллиард сўмдан маблағ ажратилади.
Брифингда бу ҳафта қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича видеоселектор ўтказилиши, бундан ташқари, ҳафта давомида кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, ҳудудларда иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини ошириш, темир йўл транспорти тизимидаги трансформация жараёнларини жадаллаштириш юзасидан тақдимотлар ўтказилиши кутилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, бу ҳафта Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан мулоқотлари ҳам режалаштирилгани қайд этилди.
ЎзА