Миллий матбуот марказида бугун, 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.

Унда маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларига ўтган ҳафта мамлакатимиз ҳаётида юз берган муҳим воқеалар ҳақида қўшимча маълумотлар берилди.

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 апрель куни ёшлар масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган, унинг тафсилотлари ҳақида батафсил хабар берган эдик.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов мазкур видеоселектор йиғилиши давомида ёшларимиз ҳаётида муҳим ўзгариш ясайдиган янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– Мана ўзингиз гувоҳи бўлдингиз, ёшларни ишга олган тадбиркорларга бир қанча имтиёзлар бериладиган бўлди. Бу ердаги кўпчилик журналистларнинг ўзи ҳам ўша йиғилишда қатнашди. Давлат томонидан ёшлар учун бир неча юз миллиард маблағ, субсидиялар ажратиляпти. Шу билан бирга, йиғилишда “1+1” дастури, мономарказларда ёшларни касбга ўқитиш, ҳокимликларнинг ёшлар билан ишлаши қаттиқ танқид қилинди. Журналистларимиз жойларда шу масалаларни манзилли ўрганиб, давлатимиз томонидан берилаётган имкониятларни ёшлар ҳаётига таъсирини жонли мисоллар билан ёритса яхши бўларди, – деди Президент матбуот котиби.

Брифингда 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг видеоанжуман шаклидаги учрашуви ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Маълумки, жорий йил бошида мамлакатларимиз Афғонистон ҳам иштирок этадиган муҳим лойиҳа – Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўли қурилиши ҳақида келишувга эришган эди. Трансафғон темир йўли деб номланган мазкур улкан лойиҳага Президентимиз Шавкат Мирзиёев “аср лойиҳаси” деб таъриф бераётгани бежиз эмас.

Чунки ушбу лойиҳа минтақамиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, Афғонистонда тинчлик ўрнатишдек долзарб муаммонинг ечим топишига ва Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ёрдам беради.

Бу стратегик йўл қурилиши натижасида Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган ҳамда Карачи, Гвадар ва Қосим портларига чиқадиган энг яқин ва самарали коридорга айланади.

Бош вазир Имрон Хон ушбу лойиҳани шахсан ўзи назорат қилишини таъкидлади, – деди Шерзод Асадов.

Брифинг давомида Покистон Бош вазири июль ойида Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлиги бўйича халқаро конференцияда иштирок этишга тайёрлигини билдиргани ҳамда давлатимиз раҳбарини Покистонга ташриф билан келишга таклиф этгани ҳам алоҳида қайд этилди.

Ўша куниёқ Президентимиз Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде бошчилигидаги делегация билан учрашган эди. Унда Анн Линде хоним сўнгги йилларда Ўзбекистонда инқилобий ўзгаришлар бўлаётгани, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари туфайли Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳити шаклланганини қайд этгани ҳам журналистлар учун янгилик.

– Шу ўринда бир нарсани эслашни хоҳлардим. Кўпчилик билади, 1997-2002 йилларда Швеция ҳукумати хотин-қизлар ва ёшлар учун “Билимлар юксалиши” (Knowledge Lift) йирик таълим дастурини амалга оширган. Ушбу дастур малакаси етарли бўлмаган фуқароларни ўқитиш, ишга жойлаштиришга хизмат қилган. Анн Линде Ўзбекистондаги “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари ҳам ижтимоий ривожланишга қаратилган ноёб тажриба эканини, аҳоли учун “ижтимоий лифт” бўлишини таъкидлади, – деди Шерзод Асадов.

 

ЎзА