“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш вазифаси қўйилган.
Ушбу вазифа доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимини йўлга қўйиш чоралари кўрилиши белгиланган.
Давлат дастури ижроси бўйича Омбудсман Миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга шу йил биринчи чорагида 25 мониторинг ташрифини амалга оширган.
Минг нафардан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашув ҳамда 217 нафар маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган. Омбудсман номига маҳкум ва маҳбуслар, уларнинг оила аъзолари томонидан 57 шикоят келиб тушган.
Мурожаат эгалари билан мониторинг ташрифлари давомида учрашувлар ўтказилиб, муаммолари ҳал этилган.
Тошкентда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асоси” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ва И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.
Мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилди.
Омбудсман Феруза Эшматова Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмаслиги таъкидланганига алоҳида урғу берди.
Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Вакил ваколатлари кенгайтирилди, Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилди. Шу орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Миллий превентив механизм нафақат қийноқларга қарши курашиш самарадорлигининг кафолати, балки халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузининг юксалишига хизмат қилувчи муҳим омил ҳамдир.
Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда, эркин мулоқот шаклида ўтказилди. Талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Абдураимова, ЎзА