Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

2021 йил 27 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 2020 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини муҳокама қилдилар.

Халқ вакиллари таъкидлаганидек, коронавирус пандемияси жаҳон мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир кўрсатиб, ишлаб чиқариш жараёнларини сусайтирди, аввалдан тузилган қатор истиқболли режаларни ўзгартиришга мажбур қилди.

Мамлакатимизда Президентимиз томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг жиддий йўқотишларсиз ишлашини таъминлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса, ўз навбатида, пандемия оқибатларини юмшатиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш суръатлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга имкон яратди.

Оғир кечган ўтган йилги ҳисобот даврида депутатлар ҳам пандемия шароитида юзага келган вазиятни ўнглашга қаратилган чора-тадбирларнинг жойларда ижро этилишига кўмаклашиш мақсадида ўз фаолиятларини бир кун ҳам тўхтатмай, ҳудудларда мунтазам бўлиб, мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилган ҳолда уларни жойида ҳал қилиш чораларини кўрдилар.

Парламентга Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботда келтириб ўтилганидек, коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2019 йилга нисбатан 101,6 фоизни, шундан, саноат – 100,7, хизматлар – 102,3, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги – 103,0 фоизни ташкил қилган.

Ҳисобот даврида 9,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар, шу жумладан, 7,0 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг 2,8 миллиард доллар маблағлари ўзлаштирилган.

2020 йилда ялпи экспорт ҳажми 15,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Экспортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимиз ҳудудларида 2,7 мингга яқин янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилинган, 210 та янги турдаги маҳсулотлар ҳамда айрим товар позициялари бўйича 40 та янги давлатнинг бозорларига чиқишга эришилган.

Ҳисоботда Давлат дастури ижросини таъминлашда ижтимоий соҳани ривожлантириш масалаларига устуворлик берилгани қайд этилди. Хусусан, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, даромадларини ошириш, фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, хотин-қизлар, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, туризм соҳаларини такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишлар рўёбга чиқарилган.

Биргина аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида 2020 йилда республика бўйича жами 378,1 мингта янги иш ўрни ташкил этилган. Жумладан, тадбиркорлик субъектларига фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш ва вақтинча тўхтатилган иш ўринларини тиклаш мақсадида имтиёз ва преференциялар берилган. Натижада ўтган йилда 66 мингта янги юридик мақомга эга бўлган кичик бизнес субъектида 168,9 мингта янги иш ўрни яратилган.

2020 йилги Давлат дастурида 284 та банд белгиланган бўлиб, шундан 206 та банд тўлиқ бажарилган, 20 та банднинг муддати белгиланган тартибда узайтирилган, 58 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.

Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисобот, унда келтирилган рақам, кўрсаткич ва таҳлиллар депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Айниқса, сиёсий партиялар фракцияларининг аввалроқ бўлиб ўтган йиғилишларида Давлат дастурида белгиланган муҳим ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий вазифалар, чора-тадбирларнинг ижроси ҳолати жонли, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Давлат дастурининг ижросига оид ҳисобот юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ўз нуқтаи назарини, фикр-мулоҳаза ва таклифларини илгари сурди. Парламент аъзолари амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, пандемия шароитида юзага келган объектив сабаблар туфайли Давлат дастури айрим бандларининг бажарилиши кечикаётгани, баъзи вазифалар ижроси ҳозирда таъминланмаганини қайд этдилар.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Давлат дастуридаги иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтишди. 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси 50 фоизгача камайтирилгани, тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида ўтган йилда пандемия оқибатида фаолияти зарар кўрган 3 442 та кичик бизнес субъектига 147 миллиард сўмдан зиёд солиқларини тўлаш муддати кечиктирилгани ижобий баҳоланди.

Ҳисобот даврида тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашига шароит яратиш, айланма маблағларини кўпайтириш мақсадида 5,8 мингта субъектга 9 триллион сўм қўшилган қиймат солиғидан салбий фарқ суммалари бюджетдан қоплаб берилгани, карантин даврида тижорат банклари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг 26,5 триллион сўмлик кредитлар бўйича тўловларининг муддатлари 2020 йил 1 октябрга қадар узайтирилганини эътироф этдилар.

Шу билан бир қаторда, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиялаштирилишида муаммолар борлиги, инвесторлар ҳужжатларни расмийлаштиришда тўсиқларга дуч келаётгани, бу эса тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш борасида зарур чоралар кўришни тақозо этишини таъкидладилар.

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси вакиллари коронавирус пандемияси билан боғлиқ юзага келган мураккаб вазиятга қарамай, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилганини эътироф этдилар. Хусусан, маданият соҳасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 500 дан ортиқ маданий-маърифий тадбирларнинг ўтказилгани халқимиз маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутгани айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, маънавият ва маърифат масалаларига алоҳида эътибор зарурлигини таъкидлаган ҳолда бугунги кунда катта тарғибот қуролига айланган кино санъатини ривожлантириш бўйича Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси тўла бажарилмагани фракция аъзоларининг эътирозига сабаб бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг фикрича, 2020 йил бутун дунё ҳамжамияти учун синовли йил бўлишига қарамасдан, Давлат дастуридаги халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларга оид бандларнинг ўз вақтида бажарилиши ижобий ҳолат.

Аммо бу каби ижобий ҳолатлар билан бирга, 2020 йилги Давлат дастурининг айрим бандлари ўз вақтида бажарилмай қолганига эътибор қаратдилар. Фракция аъзоларининг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатимизда камбағаллик борасида аниқ рақамлар эълон қилинган, шундай экан, фуқароларимизни камбағалликдан чиқаришнинг Давлат дастурида назарда тутилган аниқ механизмлари ишлаб чиқилиши лозим.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари Ҳукумат томонидан ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишидаги ишларга тўхталиб, пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакат миқёсида тизимли ислоҳотлар амалга оширилганини алоҳида эътироф этишди. Хусусан, “темир дафтар” жорий этилгани кам даромадли, вақтинча ишсиз фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этаётгани, уларни ишга жойлаштириш, доимий даромад манбаларини яратиш бўйича кенг қамровли чоралар кўрилаётгани реал самара бераётганига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Давлат дастурида белгиланган айрим меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш муддати кечиккани, хусусан, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепцияси ишлаб чиқилмагани кўрсатиб ўтилди. Ушбу ҳужжат қабул қилиниши ижтимоий нафақа тўлашнинг мукаммал тизимини жорий этиш, кам даромадли оилаларга кўмак кўрсатиш қамровини кенгайтириш ҳамда нафақа тайинлашда очиқ ва адолатли тизимни яратиш имконини бериши таъкидланди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари 2020 йилги Давлат дастури доирасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш йўналишларидаги ишлар пандемия туфайли жорий этилган карантинга қарамасдан, ўз вақтида амалга оширилганини эътироф этдилар. Биргина аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 73 фоизга етгани бунга яққол мисол сифатида келтириб ўтилди.

Ўз навбатида, фракция вакиллари тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, тоза ичимлик суви етиб бормаган чекка ҳудудларда сув таъминотини йўлга қўйиш чораларини кўриш, бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ролини янада кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.

Қизғин, амалий ва талабчанлик руҳда кечган савол-жавоблардан сўнг, депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқулладилар ҳамда тегишли қарорни қабул қилдилар.

ЎзА