Бу Президентимиз томонидан жорий йил 20 январда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонунида белгилаб қўйилди.

Қонунда маданий фаолият соҳасида давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органларнинг ваколатлари белгиланди.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур соҳада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди ва давлат бошқаруви органларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Белгиландики, ҳар бир шахс маданий фаолият соҳасида мулк ҳуқуқига эга. Мулк ҳуқуқи тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ашёларга, шунингдек, моддий маданий мерос объектларига нисбатан татбиқ этилиши мумкин.

Маданият ташкилотлари маданий фаолиятнинг турларига қараб маданий-томоша ташкилотлари, маданий-маърифий ташкилотлар, бошқа маданият ташкилотлари каби тоифаларга бўлинади.

Маданият ташкилотлари мулкдор ёки у вакил қилган шахс томонидан ёхуд ваколатли органнинг фармойиши асосида ташкил этилади.

Давлат маданият муассасалари ва ташкилотларига маданият, санъат соҳасида эришган ютуқлари учун Ҳукумат тақдимномасига биноан Президент томонидан “Миллий” ёки “Академик” мақоми берилиши мумкин.

Давлат маданият муассасалари ва ташкилотларининг аттестацияси уч йилда бир марта ўтказилади.