21 январь куни Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

ТДШУда бўлиб ўтган учрашувда университет ва марказ ўртасида амалга оширилган ҳамкорликдаги ишлар ижобий баҳоланиб, келгуси вазифалар келишиб олинди.

Жумладан, 2021 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 20 йиллик юбилейи нишонланиши муносабати билан шу йўналишда ТДШУ профессор-ўқитувчи ва талабалари билан ҳамкорликда турли тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Шу билан биргаликда “Конфуций таълимотида халқ дипломатияси”, Махатма Ганди, Муҳаммад Иқбол каби шахсларнинг таваллуд кунига бағишланган семинарлар, Хитой тили ва маданияти куни фестивали ҳамда “Ёшлар ва халқ дипломатияси” мавзусида халқаро конференцияни ҳамкорликда ўтказиш режалаштирилди.

Учрашувда университет ректори Гулчеҳра Рихсиева ШҲТга аъзо давлатлар миллий-маданий меросини ўрганиш, халқлар ўртасидаги ўзаро ишончини мустаҳкамлаш ва миллатлараро мулоқотни кенгайтириш борасида ТДШУда ҳам кенг ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Марказ директори Қобилжон Собиров ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан 2020 йилда нашр қилинган бир қатор адабиётларни ТДШУ ахборот ресурс марказига тақдим қилди.

 

Элёр Маҳмудов,

ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори