Устюртнинг Қорақалпоғистон ҳудудига миллион йиллар аввал астероид тушган бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Ислом ХУШВАҚТОВ яқинда ташкил қилинган “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ҳудудида ана шундай жой борлигини таъкидлайди.
“Ҳудудда шундай объект борки, у глобал даражада ноёб табиат ҳодисасидан дарак берувчи жойдир. Овал шаклида чуқурлиги 40 метр, ўлчами 7х10 км бўлган майдон ўрта неоген даврида (эрамиздан 11-7,3 млн. йил олдин) ушбу ҳудудга астероид тушган, деган тахмин борлигини билдиради” дейди у.
Табиат боғи ҳудуди ўз таркибига Қўнғирот давлат ўрмон-ов хўжалиги, Хўжайли давлат ўрмон хўжалиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва туман заҳира ерларини олади. Ушбу ҳудудларда Ассаке-Аудан чуқури, Устюрт платосининг жанубий чинки, “Сариқамиш” кўли акваторияси каби хушманзара табиат гўзалликлари мавжуд.
Е.Қаноатов, ЎзА