Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг “O’zLiDeP 17 ёшда: 17 минг оилага саховат ва кўмак” лойиҳаси оролбўйида ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Жумладан, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда мевали дарахт экиш акцияси ташкил этилди.

Тадбир доирасида ҳудудий партия ташкилотлари томонидан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” га киритилган моддий ёрдамга муҳтож 17 минг оила аҳволидан хабар олиш, партиядан сайланган маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгилли ҳомийларни жалб этган ҳолда эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш белгиланди.

Акцияда Нукус шаҳридаги “Шиғис”, “Саманбой”, “Гулзор”, “Шоирлар овули” ва “Сарбиноз” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кам таъминланган, “Темир дафтар”га кирган эҳтиёжманд оилаларга, иккинчи жаҳон ва афғон уруши қатнашчилари хонадонларига 800 туп турли хил мевали дарахт кўчати экиб берилди.

–Мевали дарахт кўчатларини кузда ва эрта баҳорда экиш яхши натижа беради, – дейди O’zLiDeP Нукус шаҳар кенгаши аппарат раҳбари Азиз Пиржанов. –Чунки баҳорда ўсиб ривожланиши қулай бўлади. Бу ишлар келгуси йили эрта баҳорда ҳам давом эттирилади.

Бундан ташқари, партия ташкил топган кунга 17 йил тўлиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркаси” ташкил қилинди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни янада ривожлантириш, айниқса томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, иссиқхоналарни қуриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Айниқса ҳозиргидек мураккаб ва синовли кунларда миришкор деҳқонларимиз томонидан “даладан дастурхонга” тамойили асосида аҳолига арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш муҳим аҳамият касб этади.

Ярмарка якунида “Табиий тоза маҳсулот”, “Энг ёш фермер”, “Энг кўп иш ўрни яратган фермер”, “Энг ширин полиз маҳсулоти” ва “Энг вазни оғир маҳсулот” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга ҳамкор ташкилотлар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА