Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси, Марказий Кенгаши, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамкорлигида Мўйноқ туманида “Мўйноққа ёрдам” хайрия акцияси ўтказилди.

Икки кун давом этган тадбирдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли муаммоларини тўлиқ қамраб олиш, уларга тезкор, самарали ва ҳаётий ечим топишдан иборатдир. Акциянинг биринчи кунида партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, Жўқорғи Кенгес ва туман депутатларидан иборат иккита ишчи гуруҳи шакллантирилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида туман ҳокими Е.Еденбоев, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи А.Қурбанов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари М.Ҳасанова, Д.Мамаджанова, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси Х.Ешимбетов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида, шу жумладан, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.  Ушбу эзгу ишларда сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ўтказилаётган тадбир туман аҳолиси муаммоларини жойларда ўрганиш, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, туманни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари 10-мактабгача таълим ташкилотида болажонларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Тарбияланувчиларга совғалар топширилди.

Туманда Халқ демократик партияси боғи яратилмоқда. Шу куни мазкур боғға 200 дан зиёд манзарали дарахт кўчати экилди.

Партия фаоллари билан депутатлар тумандаги “Темир дафтар”га киритилган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар  олди. “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Манзура Бердишовага ногиронлик аравачаси топширилди. Шунингдек, кам таъминланган оилаларга совғалар берилди

Партиядан сайланган депутатлар умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти, уларнинг моддий-техник таъминоти билан танишди. Аниқланган муаммолар Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия гуруҳларида, доимий комиссия йиғилишларида кўриб чиқилади, зарур ҳолларда сессияга масала киритиш орқали муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилади.

Туман ҳокимлигида биринчи кун якунларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди. Унда депутатлар ва аҳолининг фикр-мулоҳазалари тингланди ва ечими назоратга олинди. Депутатларнинг таъкидлашича, муаммолар мана шундай жойида ҳал этилса, маълум вақт ва маблағ талаб қиладиган масалалар бир тизимда жамланса – нафақат аҳолининг мурожаатлари, шикоят ва аризалари кескин камаяди, балки ислоҳотларнинг самарадорлиги ҳам ошади, халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришилади.

Иккинчи куни бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда тумандаги корхона, ташкилот, ўқув юртлари ўзларида мавжуд 100 га яқин бўш иш ўрни билан қатнашди. Тадбирда ишсиз фуқаролар, шу жумладан ёшлар ишга жойлашди.

Партия томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу куни кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА