Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 майдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2018 йил 8 августда қабул қилинган фармойишда қўшилган қиймат солиғидан имтиёз қўлланиладиган товарлар рўйхати келтирилган. Мазкур рўйхат бўйича “натрий сульфит” товарига божхона тўловларидан имтиёз берилиши белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, афсуски, бугун айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан мазкур фармойиш талабларини ўз йўриғига солишга уриниш натижасида божхона тўловларидан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, натрий сульфид товари олтингугурт бўёқларини ишлаб чиқаришда, тери маҳсулотидан жунли қатламни ажратиб олишда ҳамда сувни кимёвий тозалашда ишлатилади. Натрий сульфит эса, фотографияда, мато ва тола ишлаб чиқаришда, рангли металларга ишлов беришда ҳамда чиқинди сувларни зарарсизлантиришда қўлланилади.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда постда расмийлаштирилган божхона юк декларациялари текширилганида, ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари номига олиб келинган ва асли “натрий сульфид” товари бўлса ҳам юқоридаги ҳужжат рўйхатида кўрсатилган “натрий сульфит” товарига нисбатан қўлланиладиган имтиёзга эга чиқмоқчи бўлиб, имтиёзли асосда расмийлаштириш учун ҳужжатларни божхона органларига тақдим этилганлиги аниқланди. Мазкур ҳолатда қўшилган қиймат солиғидан қарийб 51 миллион сўм миқдорида қўшимча божхона тўлови ҳисобланди.
Ҳудди шундай ҳолатда эса яна битта тадбиркорлик субъекти номига олиб келинган ва ҳужжатларда “имтиёзли товар” сифатида кўрсатилган “натрий сульфид” товарига 27 миллион сўм миқдорида қўшимча божхона тўлови ҳисобланадиган бўлди.
Мазкур ҳолатлар бўйича суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА