Миллатнинг бирлиги, барҳаётлиги кўзгуси

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни 
 
Миллатнинг бирлиги, мавжудлигининг белгиларидан бири она тили барҳаётлигидир. 
Жорий йилда мамлакатимизда катта тантана, ўзгача шукуҳ, кўтаринкилик билан илк бор нишонланаётган Ўзбек тили байрами тадбирларида бу жиҳатлар яна бир карра ўз ифодасини топмоқда.
…Пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги Миллий боғи. Янада кўркам, файзли ва тароватли қиёфа касб этган, янгиланган Адиблар хиёбони. Уни шиддат билан ўзгариб бораётган Ўзбекистонимизга менгзаш мумкин. 21 октябрь куни эрта тонгданоқ бу ерга ҳамюртларимиз кела бошлади. Улкан мониторда миллий адабиётимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимларнинг фаолияти, ҳаёти, ижод йўли ҳақида ҳикоя қилувчи лавҳалар намойиш этилмоқда.
Янграётган миллий мумтоз қўшиқлари тилимиз жозибасини оҳанглар воситасида ифодалаётгандек. Адабий гурунглар, ижодий суҳбатлар, шеърхонлик авжида. Олтин куз фаслида ушбу сўлим маскан ҳам турфа рангларда янада гўзал кўринишга кирган… Навоий бобомиз, сўз санъати ривожига ҳисса қўшган бошқа ижодкорларнинг муаззам ҳайкаллари. Она тилимизга бўлган амалий эътибордан уларнинг ҳам руҳи шод бўлаётган эса, не ажаб.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан бу ерга эрта тонгданоқ турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларнинг вакиллари, ижодкор зиёлилар, маънавият фидойилари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар жам бўлди. Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.
8.JPG
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Табрикда таъкидланганидек, ҳар бир давлатнинг ривожланишида миллат ва халқ қадриятлари тимсоли бўлган она тили, унинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеи мустаҳкам ўрин тутади. Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимлаётган мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини ошириш борасида сўнгги йилларда самарали ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони маънавий-маърифий ҳаётимизда улкан тарихий воқелик бўлди. Унда она тилимизни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилди.
10-faqat saytga.JPG
Ўзбекистон Республикасининг «21 октябрни Ўзбек тили байрами куни этиб белгилаш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжат она тилимизга бағишланган байрамни наинки мамлакатимизда, балки дунёнинг турли давлатларида кенг нишонлашга муҳим туртки бергани диққатга сазовордир.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов бундай шукуҳли кунларга етиб келмоқлик осон кечмагани, у ўзида минглаб ҳамюртларимизнинг орзуларини ифода этгани, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомининг ҳуқуқий асослари, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузи ва мавқеини ошириш хусусида батафсил сўз юритди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор Низомидин Маҳмудов мамлакатимизда она тилимизнинг нуфузи ва мавқеини янада юксалтириш борасидаги эзгу ташаббуслар илм, маънавият ва маърифат аҳли, ижодкор зиёлилар зиммасига ҳам улкан ва айни дамда шарафли масъулият юклаётганини таъкидлади. Юртимиз олимлари томонидан «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» яратилди. Она тилимизнинг тарихий, илмий асосларини мукаммал ўрганиш, луғатлар яратиш бўйича тадқиқотлар фаол олиб борилмоқда.
11.JPG
Бугун мамлакатимиздаги маърифий янгиланиш жараёнлари – Учинчи Ренессанс даврига қадам қўйиш палласида ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти бениҳоя каттадир. Айни пайтда соҳага қаратилаётган чексиз эътибор Навоий қадрлаган, эъзозлаган тилга бўлган эҳтиромнинг амалдаги ёрқин намунасидир. Сана арафасида давлатимиз раҳбарининг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ҳамда «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилингани она тилимиз равнақи йўлидаги эзгу ташаббуслар амалга ошиши борасидаги муҳим қадамдир.
Эндиликда она тилимиз жаҳоннинг кўплаб илмий марказлари, университетларида фаол ўрганилмоқда. Тадбирда ўзбек тилига қизиқувчи бир гуруҳ хорижлик тадқиқотчиларнинг она тилимизда янграган видео табрик ва фикрлари иштирокчиларга онлайн тарзда тақдим этилди.
– Ўзбек тилига меҳрим жуда баланд, – дейди америкалик таниқли таржимон ва тадқиқотчи, «Дўстлик» ордени соҳиби Марк Эдвард Риз. –Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилдим. Ўзбекистон менинг ҳаётимга катта таъсир кўрсатган диёр. 1994 йилдан буён ўзбек тилини ўрганаяпман. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон, унинг халқининг тафаккури ўзгарди. Янги жамият барпо бўлмоқда. Бир вақтлар дўстларим менга бошқа тилларни ўрганишни маслаҳат берган эди. Лекин мен ўзбек тилини пухта эгаллашга астойдил киришдим. Эндиликда «Меҳробдан чаён» асарини таржима қилиш ниятидаман. Барча ўзбекистонликларни Ўзбек тили байрами билан самимий муборакбод этаман.
13.JPG
– Ҳаётимдаги энг гўзал дамлар Ўзбекистон билан боғлиқ, – деди Жанубий Кореянинг Ханкук чет тиллар университети профессори Ли Жи Ин. – Тошкент давлат шарқшунослик университетида таҳсил олганман. Бу гўзал тилни шу ерда ўргандим. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бизда ўзбек тилини ўрганишга оид дарслик чоп этилди. Ўзбек тилини ўрганиш юзасидан имтиҳонларни босқичма-босқич ўтказиш режамизда бор. Бу кореяликларнинг Ўзбекистонга бўлган эҳтироми ва ҳурматининг амалий намунасидир. Ўзбекистон ёшларига қарата шуни айтмоқчи эдимки, сизларнинг тилингизда Навоий, Бобур, Нодира сўзлаган. Бу авлодлар учун катта бахт ва шарафдир. Фарзандларингиз, уларнинг фарзандлари учун ушбу мафтункор тилни сақлаб, асраб-авайлашингизни истар эдим.
Шунингдек, Ҳиндистондаги Жамия Миллия Исломия университетининг ўзбек тили ўқитувчиси, профессор Шаҳид Таслим, Токио чет тиллар университети талабаси, Тошкент давлат шарқшунослик университетида ўзбек тилини ўрганган япониялик Рио Наитонинг она тилимизни эъзозлаш, уни хорижда кенг ўрганиш ва тарғиб этишга доир самимий фикрлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Тадбирда таэквон-до бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Дмитрий Шокин ўзбек тилига ҳурмат ва эҳтиром, ўзининг спортдаги ютуқлари, келгусидаги ютуқлари ҳақида сўзлади.
– Мен Ўзбекистонда туғилиб, ўсдим, шу диёрда вояга етдим, – деди Д.Шокин. – Ўзбек тилида сўзлашиш мен учун ғоят мароқли ва ёқимлидир. Болаликдан дўстларим, синфдошларим, қадрдонларим билан шу тилда сўзлашиб катта бўлдим. Ўзбек тилининг жаҳон миқёсида кенг қулоч ёзишида биз – спортчиларнинг ҳам ҳиссаси борлигидан фахрланаман. Бундай шарафли вазифага ўз ҳиссамни қўшаётганимдан ғоят мамнунман. Халқаро мусобақаларда зафар қозонганимизда Ўзбекистон байроғи мағрур ҳилпирайди, давлатимиз мадҳияси баралла янграйди. Демакки, ўзбек тили минглаб чет элликлар қулоғи остида жаранглайди. Ўзбек тилининг ривожига қўшаётган улкан ҳиссаси учун Президентимизга чин юракдан миннатдорлик билдираман.
14.JPG
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ўзининг она тилимизни улуғловчи янги шеърини ўқиб берди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ўзбек тилини ривожлантириш ва кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ тилшунос олим ва ижодкор зиёлиларга «Маънавият фидойиси» кўкрак нишонини топширди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республика Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдуваҳитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирок этди.
Адиблар хиёбонида адабий-маърифий тадбирлар кун бўйи давом этди. Она тили байрамига бағишланган бу каби шукуҳли маърифий тадбирлар мамлакатимизнинг барча гўшаларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.

 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА