Осиё тараққиёт банки томонидан ZOOM платформасида “Ўзбекистон Республикасида STEM таълимини ривожлантириш“ мавзусида видео-семинар ўтказилди.
Халқ таълими вазирлигининг Осиё тараққиёт банки билан қўшма лойиҳаси доирасида давлат умумтаълим мактабларида STEM-таълим, яъни фан, технология, муҳандислик ва математика инфратузилмасини ривожлантиришга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистон Республикасидаги миссияси раҳбари Синди Малвичини Халқ таълими вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида халқ таълими соҳасида ҳамкорлик бўйича амалга оширилган ишларни юқори баҳолади.
Синди Малвичини лойиҳа доирасида ўқувчилар учун қулай ўқув муҳитини яратиш мақсадида мактаб инфратузилмаси, энергия тежамкор ва табиий офатларга чидамли лабораториялар, ускуналар ва иситиш тизимларини модернизациялаш, STEM ни ўқитишда ўқитувчиларни ўз малакасини ошириш учун тайёрлаш кераклигини қайд этди.
Шу билан бирга, ўрта мактаб ўқувчилари томонидан замонавий кўникмаларни ўзлаштириш амалиётини такомиллаштириш, таълим сифатини таъминлаш мақсадида давлат умумтаълим мактабларини халқаро баҳолаш талабларига мувофиқ мослаштириш шартлигини таъкидлади.
– Мустақилликка эришгандан кейинги даврда Ўзбекистон Республика аҳолиси 16 миллион кишига кўпайди, бу қўшни мамлакатларга қараганда бир неча баробар кўпдир, – деди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. – Айни вақтда Республика аҳолисининг аксарият қисми ёшларни ташкил этиб, яъни Вазирлик таълим соҳасида STEM каби соҳаларни жорий этишдан мақсад, замонавий иқтисодиётда зарур бўладиган ва XXI асрда рақобатбардош бўлишга имкон берадиган замонавий кўникмаларга эга бўлиш учун келажак авлодга имконият яратишдир.
Семинарда шўбани бошқариш ва етакчилик кўникмаларини ривожлантириш, жумладан, STEM халқаро дастурларига йўналтирилган айрим ҳудудларда ресурс мактабларини яратиш, ўқувчиларнинг ўқиш тажрибасини яхшилаш ва малакасини ошириш учун бошқа мактаблар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан фикрлашилди.
ЎзА