Афғонистон билан ҳамкорлик кўлами кенгаяди

Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар бошчилигидаги делегация 28-29 август кунлари юртимизда бўлиб, Ҳукумат, шунингдек, ташқи ишлар, инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари ҳамда бошқа идораларда қатор тадбирларда иштирок этди.
Ташриф дастурига кўра, дастлаб Ўзбекистон ва Афғонистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, алоқа ва бошқа соҳалардаги давлатлараро ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада кучайтириш, хусусан дўст афғон диёрида барқарор тинчлик ўрнатиш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мазкур учрашувнинг муҳим жиҳатларини таъкидлаб ўтаркан, Ўзбекистон биродар афғон халқи билан кўп йиллик дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди. Бу галги кун тартиби ҳам долзарб ва кенг қамровли эканини таъкидлаб, минтақанинг умумий тараққиёти учун жуда зарур бўлган Афғонистонда осойишталикка эришиш йўлидаги ҳамкорлик тез орада ўз натижасини беришига ишонч билдирди.
Вазирлар олий даражадаги икки томонлама муносабатлар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.
Ўз навбатида, Афғонистон ташқи ишлар идораси раҳбари мамлакат раҳбарининг қизғин саломини етказаркан, Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами муносабати билан эзгу тилакларини изҳор этди. Ҳаниф Атмар Президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва ижтимоий-иқтисодий қайта қуришга эришиш йўлидаги фаол қўллаб-қувватлаши ҳамда саъй-ҳаракатлари учун чуқур миннатдорлик билдирди.
– Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан самимий дўстона муносабати, минтақада тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш йўлидаги изчил ташаббуслари, қолаверса, қардош афғон халқини коронавирус пандемияси туфайли юзага келган ўта мураккаб ва қийин шароитда бир неча бор инсонпарварлик ёрдами билан қўллаб-қувватлагани учун чексиз миннатдорлик билдирамиз, – деди Ҳаниф Атмар. – Бугунги кунда ҳамкорлигимиз жадал ривожланаётганидан мамнунмиз. Давлат раҳбарлари ўзаро алоқаларни ҳар томонлама кенгайтиришга алоҳида аҳамият бериб келишяпти. Мазкур ташрифдан кўзланган мақсадлар ҳам айнан Президентларимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишдан иборат.
Томонлар барча соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлик юқори суръатда давом этаётганини мамнуният билан қайд этди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Афғонистон кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Афғонистонлик меҳмонлар мамлакатимизга ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан ҳам учрашди. Хорижий делегация таркибидан, шунингдек, АИР Президенти маъмурияти, Транспорт вазирлиги, Саноат ва савдо вазирлиги, Марказий Банк раҳбарлари ҳам ўрин олган эди.
Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва логистика ҳамкорлигининг долзарб масалалари, шунингдек, Афғонистонда энергетика, темир йўл қурилиши, савдо ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линияси қурилишини жадаллаштириш ва тегишли битим лойиҳаси устида ишлаш, Халқаро автотранспорт бўйича битим лойиҳасини имзолашга тайёрлаш доирасида эксперт музокараларини ўтказиш масалалари ҳам диққат марказида бўлди.
Темир йўл транспорти соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали транспорт йўлакларини ривожлантиришда ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо айланмасини ошириш, жумладан, трансчегаравий савдони кенгайтириш ва иккала мамлакат бозорига харидоргир қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этиш мақсадида тегишли инфратузилмани ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Мулоқот давомида икки томонлама келишувларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ҳамда юзага келадиган барча масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида мунтазам алоқалар механизмини жорий этишга ҳам келишиб олинди.
Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг чуқурлашуви Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Учрашув якунида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Da Afghanistan Breshna Sherkat” компанияси ўртасида Афғонистонга 10 йил давомида электр энергияси етказиб бериш тўғрисида битим имзоланди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА