Дунёнинг энг машҳур одамларидан бири – “Microsoft” корпорацияси асосчиси Билл Гейтс яна бир бор ўзининг коронавирус пандемияси юзага келишига дахлдорлиги ҳақидаги тахминий назарияни рад этди.
Коронавирус пайдо бўлгандан буён ОАВ ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида, гўёки, глобал равишда инсониятни кузатув остига олиш мақсадида кишиларни чиплаштириш учун вакцинадан фойдаланишни мўлжаллаётган Билл ва Мелинда Гейтсга тегишли фонд пандемияга алоқадорлиги ҳақида миш-мишлар тинмаяпти. «Ер шарининг 15 фоиз аҳолисини йўқ қилиш» ниятидаги Гейтсни айблашга қаратилган видероликни интернет орқали миллионлаб инсонлар кўрди.
«Бу пандемия, ижтимоий тармоқ ва ҳаммасига энг оддий жавобни қидираётган кишилар ўртасидаги ғалати комбинация», — деди Гейтс CNN телеканалига берган интервьюсида.
У ўз жамғармаси ҳисобидан пандемияга қарши кураш учун 250 миллион доллар ажратганини эслатиб ўтди. «Қисқаси, ҳаммасининг оёғи осмондан келяпти. Улар биз пул қилаётганимизни, демак одамларни вакцина ёрдамида ўлдиришга уринаётганимизни айтишяпти», — дея қўшимча қилган Гейтс.
Июнь ойи бошларида Гейтс унинг инсониятни глобал тарзда чиплаштириш бўйича келишувни амалга оширишга дахлдорлиги тўғрисидаги фитнасимон назарияга муносабат билдираркан, ҳатто, рад этишга ҳам арзимайдиган даражада аҳмоқона фикр, дея баҳолаган.
ЎзА