«Ётиб қолгунча отиб қолишга» уринаётганлар ёхуд пандемия вазиятида кўнгилга сиғмайдиган хабарлар кимга керак?

Ҳар куни ижтимоий тармоқларни кузатаман. Қизиқиб қидирганим фақат эмлаш учун яратилаётган вакциналарга оид маълумотлар.
Топганим эса «синовда…», «тайёрланяпти…», «муваффақиятли чиқмади…» каби хабарлар. Гоҳо дўстларим томонидан юборилган, гоҳида реклама сифатида келган «Коронавируснинг давоси топилди» деб ном олган хабарларни очишга шошиламан. Интернетнинг «тезлигидан» роппа-роса 5 дақиқа вақтим кетади. Не кўз билан қарайки, «Бизда энг арзон нархларда» ёки «Етказиб бериш хизмати текин», «Бу ерга боссангиз, мўъжиза рўй беради» каби умуман бошқа хабарларга дуч келаман.
Яқинда телеграмимга шунга ўхшаш хабар келди. Боши оғриётганларга тавсия деб номланган овозли хабарни эшита бошладим. Коронавирус туфайли бош оғриганда қилинадиган муолажалар тўғрисида бирор тиббиёт докторининг тавсиялари бўлса керак, деб ўйлагандим.
“Агар бошингиз оғриётган бўлса, кўп суякларни қайнатасиз, иложи бўлса бир сутка, бир пиёла қолгунча, кейин уни эски калиш ичига қуйиб қўясиз, музлатгичга соласиз, майдалагичдан чиқаргач, «галупси» қиласиз, шуларни қилгунча бошингиз оғримай қолади” дейди.
Бу нима? Одамларнинг устидан кулишнинг замонавий турими?
Охирги кунларда ўз каналларида кузатувчисини кўпайтириш учун шунақанги беўхшов қилиқлар чиқарадиган ҳамюртларимиз кўпайиб кетди. Қайси биридир «Мени қалбимга йўл тополмайсан» деб пиар қилса, бошқаси «Калишни қайнатиб ичишни» тавсия қилади. Яна бири буюк аждодларимизга ҳурматсизлик қилиб, «Амир Темур бобо коронавирус қачон кетади, айтинг, ҳаммадан ақллисизку?!» деган кинояларини тарқатади.
Бунақа вазиятда одамлар атрофдан фойдали маълумотлар кутади.
Энг ёмони, айрим каналларда бошқа давлатлардаги касалхоналар видеоларини изоҳсиз жойланиши ҳам одамларда ваҳима уйғотмоқда. Бугунгидек вазиятда соҳа мутахассислари билан суҳбатлар ташкил қилинса, уйда даволанаётган фуқароларнинг онлайн мурожаатларини қабул қилиш, шифокорларнинг тавсияларини бериб бориш тизими кенг йўлга қўйилса, савобли ишку. Ҳеч бўлмаганда коронавирус мавзусида ҳазиллашиш, фейк хабарлар тарқатиш виждонли одамнинг иши эмаслигини тушуниш лозим.
Вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, бошқаларнинг зарарига сабаб бўлманг. Фейк хабарлар одамларни нафақат вақти ва маблағини олади, балки асабларини ҳам зўриқтиради. Асабларнинг таранглашуви иммунитет пасайишига олиб келади. Бугунги вазиятда қора пиарлар кўнгилга сиғмайди.
Баъзи бир рекламаларга ишониб қолган турли каналлар обуначилари тузалмас хато қилиб қўйиши, ваҳимадан соғлигига зарар етказиб олиши мумкинлигини наҳотки тушуниш қийин бўлса?!
Тарихдан маълум, одамзод яратилгандан буён турли хил дардлар билан курашиб келади. Гувоҳи бўлганингиздек, уларнинг барчаси ўз ниҳоясини топиб келмоқда. Катта умидлар билан яқин орада бу офатнинг ҳам давоси топилишини кутамиз. Коронавирусни бизнесга айлантириб, кимдир озиқ-овқат нархини сунъий оширган бўлса, кимдир дори-дармон воситаларини бир неча марта қимматига сотишни кўзлади. Бошқаси эса ўз обуначиларини қандай йўл билан бўлсада кўпайтириш илинжида. Бу офат хавфини ҳис қилиб, савоб ишнинг кетидан қувиш ўрнига «Ётиб қолгунча отиб қол», «Дунёни сув босса ўрдакка не ғам» қабилида иш қилмайлик.
Камола Абдувалиева,
«Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзоси

 

ЎзА