Ўзбекистонда таржимашунослик соҳасида кескин ўзгаришлар бўлиб келмоқда.
Хусусан, ўз касбининг етук мутахассиси бўлган, замон талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган таржимон кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда чет тилларни ўқитилишида янгича босқич, янгича давр бошланди. Чет тили дарсларининг ўқитилиши жараёнида илғор педагогик технологияларни, интерфаол, инновацион усуллардан, коммуникатив-ахборот воситаларидан фойдаланиш талаб қилинмоқда. Республикамизда чет тилининг ўқитилиши, чет тили ўқитувчиларининг билим ва кўникмаларини баҳолашнинг умумевропа талаблари тавсияномалари (CEFR ) га мос равишда янги усуллар ишлаб чиқилди. Бу эса ўз навбатида таржмашунослик мактабининг ривожланишига, яъни таржимоннинг ўзи фаолият олиб борадиган «таржима тили»ни мукаммал даражада билишига олиб келмоқда.
Жаҳонда глобаллашув жараёнлари чуқурлашиб бораётган бир шароитда таржимоннинг касбий компетенциясини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга бўлган эҳтиёж янада ортмоқда. Ҳар бир соҳада профессионал фаолиятнинг сифатини баҳолаш учун аниқ белгилаб қўйилган мезонлар тўплами бўлади.
Таржима касбининг вакилларида, хусусан, таржимонларда, профессионал компетенцияга эга малакавий таржимон деб аталиши учун, таржимон ўзида шахсий малакавий компетенция ҳамда касбий категорияларнинг малакавий даражасига эга бўлмоғи лозим.
Профессионал компетенция ҳамда шахсий малакавий компетенция, бу ҳар икки атама дастурий таълим ҳужжатларида, ва тилшунослик йўналишлари (методология, таржима ишлари, психолингвистика, лингводидактика, лингвокултурология ва ҳ.к.)да кенг қўлланиб келинадиган атамалар бўлиб, одатда синоним тарзида ишлатлиб келинади.
Компетенция сўзи асл келиб чиқиши инглизча «competence » (ёки cомпетенcй) сўзидан олинган бўлиб, рус тилшунос олими, таржимон, В.К.Мюллер фикрига кўра, лексик-луғавий маъноси юридик термин сифатида намоён бўлади ҳамда лаёқатли сўзи билан синоним сифатида қўлланилиши мумкин деб айтган. Яна бошқа бир қатор луғатларда эса компетенция сўзини қобилият, қобилиятли ва бойлик, яхши молиявий аҳвол каби таржималарни учратишимиз мумкин.
Бу борада таржимашунос олимларнинг қарашлари турлича бўлиб, яна бир тилшунос олим А.Б.Шевнин таржимонлик компетенциясини қуйидагича таърифлайди «таржимонлик компетенцияси бу – таржимон учун профессионал фаолиятни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган билим, кўникма ва амалиёт қобилиятининг умумий тўпламидир» деб таъриф беради. Шевнин таржимонлик компетенциясини икки қисимга бўлиб ўрганган.
Тил малакаси – чет тили ва ўз она тили лексикаси, грамматикаси ва стилистикасни билиш;
Профессионал малака – таржимонлар томонидан умумлаштирилга назарий билимларни эгаллаш;
Профессионал малака ҳамда тил малакасига бирдек эга бўлган таржимонда таржимонлик компетенцияси шаклланган деб ҳисоблаган.
Рус олимлари Л.К.Латишева ва В.И.Проворотова Шевининнинг фикрига қўшимча қилган ҳолда, таржимонлик компетенцияси шаклланган таржимон эшитиш ҳамда тўғри талаффуз қилиш, интонация билан гапириш, оғзаки таржимада интонацияни тўғри қўллай ола билиш малакасига ҳам эга бўлиши керак деб ҳисоблашган. Хусусан, «Тўғри талаффуз, аниқ қўлланилган интонация, овоз тони ҳамда гапдаги тўхтамлар (пауза) орқали қилинган оғзаки таржима, аслига нисбатан тўгри ҳисобланади». Р.Вонг ҳам бу икки олим қарашларига мутоносиб ҳолда «таржимада ритмик-интонация қўлланилганда, таржима қилинаётган хабар ёки маълумот ўз аслиятини тўлиқ сақлаб қолади ва шунинг билан бир қаторда таржимада мавжуд бўлиши мумкин бўлган синтактик хато ва камчликларни ҳам тўлдириб кетади» деган фикрни илгари суришган.
Э.Р.Поршнёва таржимонлик компетенциясини қуйидагича таърифлаган, яъни, «компетенция бу таржимон фаолиятининг тахминий ёки аниқ баҳоланиш кўрсатгичи бўлиб, бунда таржима қилиш кўникмаларини босқичларга ажратиб, фаолият ваколатларини шакллантириш имконини, яъни таржима функцияларини муваффақиятли амалга ошириш имконини беради». Қўшимча сифатида Поршнёва таржимонлик компетенциясига эга бўлган малакали таржимон деганда, таржимоннинг лингвистик, коммуникатив, семантик, лингвокултурологик компетенциялари ҳам максимал даражада ривожланган мутахассисни тушунишини келтириб ўтади. Бу борада маҳаллий ҳамда европа тилшунос олимлари орасида Поршнёва таърафдорлари ҳамда унинг фикрларига қарши фикр билдирувчилар ҳам бор. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, таржимон эга бўлиши керак бўлган асосий хусусиятлар ҳар битта таржима муаллифи учун индивидуал тарзда белгиланиши лозим, чунки таржима позицияларида сезиларли фарқлар мавжуд бўлиши мумкин. Лекин шу билан бирга, таржимонлик компетенцияси, қобилияти тушунчаси деганда таржимоннинг қуйидагиларга тайёрлиги тушунилади:
а) тил нормаларига (тилшунослик) мувофиқ баённома тузиш;
б) алоқа воситаларининг вазифалари ва шартлари билан (коммуникатив ваколат) боғлиқ;
c) хабарнинг семантик мазмунини ажратиб олиш, эслаб қолиш ва яратиш (семантик ваколат);
д) лингвистик воситаларнинг контекстуал маъносини ва уларни ўзгартириш (талқин этувчи);
э) матннинг турини, услубини ва жанрини фарқлаш, шунингдек матнни муайян типологияга мувофиқ яратиш ва такрорлаш;
ф) муайян коммуникатив вазият (маданиятлараро ваколат) нинг ижтимоий-маданий контекстини ҳисобга олган ҳолда турли маданият вакилларининг нутқ ва нутққа хос бўлмаган хатти-ҳаракатларини тушунтириб бериш ва уни тўғри баҳолаш.
Айнан шу мавзу юзасидан рус тилшунос олими А.Б.Шевниннинг қилган охирги ишида, таржимоннинг услуб жанрига алоҳида тўхталиб ўтилган. Унда муаллиф қуйидагиларни баён қилади, яъни таржимон таржимани қилар экан у «икки параметрни танлаши, билиши, ҳисобга олиши керак: матннинг (оғзаки ёки ёзма) қайси жанрда ишлаб чиқилган ва қандай функционал услуб билан ишлайди», чунки бу икки параметр матннинг ўзига хос хусусиятларини, унинг тахминий ва семантик рангларини аниқлайди ва расмий структуравий тил услубини белгилайди .
Бу борада ўзбек тилшунос олими И.М.Тўхтасинов ўзининг «Таржимон тайёрлашда касбий компетенцияларни эквивалентлик ҳодисаси асосида ривожлантириш» деб номланган докторлик диссертациясида қуйидаги фикрларни билдирган, “Жаҳон амалиётида таржимоннинг касбий компетенциясини шакллантиришга интеграл ёндашув, техник малакалар, тил борасидаги маҳорат, терминология ва терминографияни такомиллаштириш, таржимон компетенциясини баҳолаш, таржима жараёнида икки тил маданиятида сўзлар муқобиллигини топиш, таржимонлар йўл қўядиган типик хатоларнинг олдини олишга қаратилган корректив машқлар тизимини яратиш алоҳида аҳамиятга моликдир. Шу жиҳатдан таржимон тайёрловчи муассасаларнинг ўқув дастурларида таржимоннинг лингвистик, социолингвистик, прагматик ва маданиятлараро мулоқот компетенцияларини шакллантириш орқали таржимоннинг касбий компетенциясини ривожлантириш заруриятини изоҳлайди.
Дарҳақиқат, чет тилини яхши билган ҳар қандай мутахассис ҳам таржмон бўлиб қолмайди. Таржимон кенг ампулада ишлай оладиган, ўзида лингвистик, социолингвистик, прагматик ва маданиятлараро мулоқот компетенцияларини шакллантира олган, кенг фикрловчи, нутқи ривожланган, жуда катта сўз бойлигига эга бўлган шахсдир.
Таржимашуносликда олиб борилаётган тадқиқотлар бевосита шуни кўрсатмоқдаки, таржимон таржиманинг лингвомаданий муаммолари, прагматик муаммолар, прогматик ассотсация, реалиялар таржимаси, таржимада ассонанс ва диссонанс ҳолатлар, ўқувчига адекват таржимани тақдим этиш долзарб масалалар бўлиб қолмоқда.
Умуман олганда, «Компетенция» эркин тушуниладиган тушунча бўлиб, ҳар бир инсоннинг умумжамланган билим, кўникма ва малакалар жамламмасидир. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, қобилият эса профессионал компетенциянинг дастлабки кўринишларидан биридир. Бозор иқтисодиёти даврида кундан-кун ўсиб бораётган талаб натижасида шу аён бўлмоқдаки, айнан меҳнат бозорида талабгорлардан профессионал малакага эга бўлиш талаб этилмоқда. Л.К.Латишев компетенцияга шундай таъриф беради: « Компетенция бу- таржимонга ўз профессионал вазифаларини ечишда ёрдам берадиган билим, кўникма, қобилият ҳамда малака йиғиндисидир».
Й.Холс-Мянттяри таржимонлик компетенциясини профессионал фаолиятда қўллашда уч асосий талабни қўяди:
1) Таржимон мутахассис сифатида, коммуникатив кўникмаларни таҳлил қила олиши, мант муаллифи, манбаа, таржима матнини қабул қилувчилар орасидаги маданиятлараро кўринмас кўприк вазифани бажариши;
2) Таржимон матнларни «лойиҳалаш» қобилиятига эга бўлиши керак. Ундан нафақат чет тилини билиш, балким бошқа маданият вакиллари билан қандай усулда гаплашиш (ёзиш) мумкинлигини, қандай ва қанақа мулоқот воситаларидан фойдаланиш кераклигини билиш талаб этилади.
3) Таржимон тадқиқот олиб бориш қобилиятига эга бўлиши, яъни гапираётган ва ёзаётган нарсасини мазмунли ва функционал равишда тадқиқ қила олиши, шу аснода билим малакасини ошириб бориши лозим.
Шундай қилиб Й.Холс-Мянттяри таржимонлик компетенциясини асосини лингвокултурология ташкил қилади деб таъкидлайди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирда Ўзбекистоннинг ҳар соҳада турли мамлакатлар билан жадал ривожланаётган ҳамкорликлар шароитида, хорижий тильда ишбилармонлик алоқаларини ўрната оладиган, муайян соҳанинг терминологияси, профессионал фаолият ва оригинал материаллар билан ишлашга қодир, малакали ҳамда сифатли таржимон-мутахассисларни тайёрлаш вазифаси илгари қўйилаябди. Бугунги кунда олий таълим тизимининг сифати деганда, етишиб чиқаётган ёш мутахассиснинг замон талабларига жавоб бера оладиган профессионал тайёргарлиги, унинг «профессионал компетенцияси» тарзида тушунилмоқда. Лекин таржимон тўла қонли профессионал компетенцияга эга бўлиши учун етарли малака ҳамда тажриба ҳам эга бўлмоғи лозим.
Солиҳа Анорбоева, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
мустақил изланувчиси
ЎзА