«Марказий Осиё – Хитой» ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов видеоконференция шаклида ташкил этилган «Марказий Осиё – Хитой » биринчи вазирлар учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов қатнашди.Коронавирус инфекциясининг олдини олиш, касаллик тарқалишини олдиндан баҳолаш ва чеклаш, эпидемияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой иқтисоди, саноат қувватлари барқарор ўсишини таъминлаш механизмлари муҳокама қилинди.

Трансчегаравий хусусиятга эга эпидемиологик таҳдидларга қарши курашиш бўйича амалий чоралар самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур видеоконференцияда иштирок этаётган мамлакатлар тиббиёт мутахассислари ва тегишли идоралари ўртасида мунтазам ҳамкорлик ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳозирги шароитда ўзаро савдони қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиётни рақамлаштириш суръатини жадаллаштириш ҳамда транспорт-транзит йўлларининг диверсификациялашган тизимини шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш долзарблиги таъкидланди.

Ўзбекистон томони ҳамкорликнинг юқорида санаб ўтилган йўналишларини ўз ичига олувчи Пандемия ва унинг оқибатларига қарши курашиш бўйича комплекс дастурни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Абдулазиз Комилов иштирокчилар эътиборини барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой халқлари фаровонлигини ошириш учун аниқ инновацион, инфратузилма, транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигига қаратди.

Музокараларда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жумладан Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини қайта тиклаш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.

 

ЎзА