Қайси давлатларда коронавирус йўқ ва нима учун?

 
Афтидан, коронавирус пандемияси бутун ер юзини қамраган: мамлакатлар карантинга ўтиб олди, фуқаролар уйда ўтирибди, олимлар эса ҳаёт қачон аввалги ҳолатига қайтишини тахмин қилолмай овора. Бинобарин, шундай бир пайтда тинчлик сақланиб қолган, COVID-19 эпидемияси дахл қилолмаган, ҳаммаси ўз измида кетаётган юртлар ҳам бор экан. Йўқ, гап фақат аҳолиси жуда тарқоқ Гренландия ёки муз билан қопланган кимсасиз Антарктида ҳақида эмас…
Жаҳоннинг шундай ороллари ва ҳатто бутун бир давлатлари борки, у ерларда коронавирусдан асар ҳам йўқ, айримларида эса касалланганлар саноқли ва борган сари бу борадаги рақамлар нолга қараб ўзгаряпти. Бинобарин, вирусологлар шундай «саҳнлар» борлигига унчалик ишонқирамай қарашяпти: мутахассислар фикрича, ё ҳисоб-китоб нотўғри олиб борилмоқда, ёки вирусни текшириш жараёни талаб даражасида эмас. Қуйида ҳозиргача коронавирус аниқланмаган юртлар ҳақида, бу мамлакатларга эпидемиядан ҳимояланишда қайси омиллар ёрдам бергани-ю ва умуман, ростдан ҳам ёрдам берганмикан, ана шу хусусдаги мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Коронавирусга тақиқ қўйилди
 
Аслида, осойишта вазият ҳукмрон жойлар жуда кам, аксарият давлатларни янги коронавирус эпидемияси ишғол қилиб бўлди. Офатдан энг кўп азият чекаётган мамлакат, шубҳасиз АҚШ – бу юртда аниқланган касаллар сони миллионга яқинлашиб қолди. Испания ва Италияда COVID-19 билан рўйхатга олинган беморлар 200 минг атрофида.
Кейинги поғонани банд этган Россия, гарчи рақам кўрсаткичи бўйича“пешқадамлар” учлигидан сезиларли даражада ортда эса-да, 60 минглик довондан ўтиб, “юқорига интилмоқда”. Ҳайратланарлиси, РФ билан чегарадош айрим мамлакатларда расмий хабарларга мувофиқ, коронавирус умуман учрамаган.
Бу маълумот, биринчи навбатда Тожикистон ва Туркманистонга тегишли. Ҳар ҳолда ушбу давлатлар ҳукумати, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда ЖССТнинг масъул вакиллари шундай уқтиришмоқда. Тожикистонликлар эпидемия ҳақида фақат қўшни давлатларга оид янгиликлар орқали тасаввурга эга бўлишяпти. Туркманистонда эса, «Чегарасиз репортерлар» номли халқаро нодавлат ташкилоти хабарига кўра, ҳукумат «коронавирус» сўзини ишлатишни бутунлай ман этган. Айниқса, ОАВда.
Дарвоқе, Туркманистон ҳукумати  ЖССТнинг мамлакатдаги вакиллари билан биргаликда COVID-19 эпидемияси кириб келишига қарши кенг кўламли тайёргарлик ишларини йўлга қўйган. Тожикистонда ҳам аҳоли коронавирусдан тўғри ҳимояланиш, шунингдек касалликнинг тарқалишига қарши кураш чораларидан бохабар этиб борилмоқда.
 
Гренландия – коронавирус устидан ғалаба қозонган илк ҳудуд
 
гре.jpg
Маълумки, Дания Қироллигига қарашли мазкур орол ҳудуди жиҳатидан мамлакатнинг ўзидан бир неча ўн баравар кенг ҳудудга эга. Маълумотларга қараганда, Гренландияда ҳаммаси бўлиб 11 киши вирус юқтирган, барча ҳолатлар бир шаҳарда – Нуукда аниқланган. Бу рақам бошқа юртлар билан солиштирганда арзимасдек туюлиши мумкиндир, аммо оролда бор-йўғи 56 минг аҳоли яшашини инобатга оладиган бўлсак, миқдор у қадар кам эмас.
 Аслида, Гренландия мисолида масаланинг моҳияти сонларда ҳам эмас. Зеро, маҳаллий ҳукумат касаллик аниқланиши билан фуқаролар учун ўз-ўзини яккалашнинг стандарт усулини танлади ва тест ўтказишнинг ўзига хос усулини қўллади. Натижада эпидемияни бутунлай ўчиришга муваффақ бўлинди.
Антарктидада касаллик қайд этилмаганининг сабаби жуда оддий: бу ерда муқим яшайдиган аҳоли йўқ. Айрим мамлакатларда, гарчи вирус учраган бўлса-да, мавжуд статистика нолга қараб кетяпти. Бундай вазиятни, асосан, Африка қитъасида ва орол-давлатларда кузатиш мумкин. Масалан, Папуа – Янги Гвинеяда 7, Бурундида 5 киши COVID-19 вирусига дучор бўлган. Яманда эса танасида коронавирус аниқланган ягона фуқаро рўйхатга олинган.
Жон Хопкинс университети томонидан тақдим этилган маълумотларга мувофиқ, ҳозирги вақтда жами 11 давлат эпидемиядан холи. Уларнинг аксарияти Океания мамлакатларидир. Африка қитъасининг икки мустақил ҳудуди – Комор ороллари ва Лесотода ҳам коронавирус қайд этилмаган. Мазкур рўйхатнинг охирида Шимолий Корея турибди.
 
Доимий туман ортидаги Шимолий Корея
ши к.jpg
Ҳар галгидек, КХДР атрофидаги саволларнинг чек-чегараси йўқ. Ҳозир дунё бўйлаб ушбу мамлакатда касаллик мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳеч қандай маълумот ҳам йўқ. Айни ҳолат мазкур ёпиқ давлатда ҳақиқатан ҳам вирус бўлмаган, деган тасаввур ҳосил қилиши эҳтимоли юқори. Фақат мамлакатнинг эпидемия ўчоғи – Хитой билан чегарадош, яқин қўшни эканлиги ижобий натижага муайян шубҳа соясини ташламоқда. Қолаверса, бошқа томондан ҳамсоя юрт – Жанубий Корея – жуда кўнгилсиз вазият ҳукмрон бўлган манзилдаги ҳолат ташвишланарли. Пастки қўшнининг 10 мингдан зиёд фуқароси COVID-19 вирусига чалинган, беморларнинг 200 дан ортиғи ҳалок бўлди.
Россия Юқумли касалликлар профилактикаси ва даволаш Миллий тадқиқот маркази директори Георгий Викуловнинг тахминига қараганда, ҳозир КХДРдаги вазият тахминан Жанубий Кореядагидек. Бинобарин, тарих фанлари номзоди, Корея бўйича тадқиқотлар маркази ходими Константин Асмолов эса ОАВ билан суҳбат чоғида Шимолий Корея эпидемияни ўз ҳудудига киритмаслик учун барча имкониятларга эга бўлганини таъкидлаган.
Шимолий Корея қандай йўл тутди? Мамлакат ҳукумати биринчи навбатда чегараларни ёпди. Барча хорижлик фуқаролар, жумладан дипломатлар учун ҳам қатъий ва кескин карантин тартиби амалга киритилди. Ҳудудлараро ҳаракатлар назоратга олинди ва шу билан бир вақтда тиббий инфратизим йўлга қўйилди: янги шифохоналар қурила бошланди, ҳар эҳтимолга қарши, шифокорлар эпидемия билан кураш йўриқномалари асосида ташкил этилган машғулотларга жалб этилди. Мамлакат ҳудудига, таъбир жоиз бўлса, “чивин ҳам учиб кирмади”.
Сиёсатшунос, Замонавий давлат тараққиёти институти директори Дмитрий Солонниковнинг айтишича, коронавирус даврида бошқа давлатларга нисбатан КХДРга анча осон кечди. «Шимолий Корея ташқи алоқалар нуқтаи назаридан, ҳар қандай ўзи билан қўшни мамлакатга қараганда ниҳоятда кучли ҳимояланган, кескин чегараланган. Бундай шароитда вируснинг мамлакатга криб келиши жуда қийин эди», – дея ўз фикрини ифодалаган мутахассис.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда Шимолий Кореяда коронавирус йўқлигига ишонса бўлади. «У ердаги ҳолат мутлақо табиий: одамлар кўчаларда кўп юрмайди, ҳаракатланиш қатъий назорат остида кечади. Бирор хавф пайдо бўлган тақдирда ҳам, дарҳол ўраб олинган бўларди», – қўшимча қилади Солонников.
Барибир, мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни фақат тахмин қилиш мумкин. «Кимдадир вирус борлигини аниқланяптими, умуман текширишлар олиб бориляптими, бу – мавҳум. Балки, ушбу давлат амалдаги статистикани ошкор этмаётгандир?! Мабодо, бир-иккита салбий ҳолат аниқланган тақдирда ҳам, бу воқеа бемалол, Шимолий Корея жамияти ҳаётига хос бошқа кўплаб ахборотлар беркитилганидек, сир сақланиши мумкин», – дея фикрларига хулоса ясаган эксперт.
 
 
Маълумотлар хатоми ё иқлим “айбдор”ми? 
 
Қисқаси, айни масалада бошқа кўпчилик давлатларга оид талай саволлар ҳам жавобсиз қолмоқда. Россия, АҚШ ва Европа қитъасида юзага келган аҳволга қараб, сайёрамизнинг қай бир нуқтасида эпидемиядан тўла ва мутлақо холи ҳудудчалар борлигини тасаввур этиш жуда қийин.
Хусусан, Георгий Викулов бугун ер юзининг фақат икки нуқтаси – Гренландия ва Антарктидагина COVID-19дан озод эканлигига ишонади. Бошқа мамлакатларда хасталар сони жуда камлиги ёки умуман йўқлиги ҳақидаги маълумотлар эса ё ахборотнинг ишончсизлиги ё кечикаётгани билан боғлиқ, буни аниқлаштириш керак, дейди вирусолог. «Масалан, Африкада статистика кечикиб аён бўлиши турган гап. Орол-давлатлар билан ҳам худди шундай аҳвол: умуман, статистика ва тадқиқотлар олиб бориляптими ё йўқми, номаълум, балки шунчаки чегараларни ёпиб қўйишган-у, бўлди қолгани қоронғу!» – дея фикрини ойинлаштирган мутахассис.
африк.jpg
Вирусолог, профессор Анатолий Альтштейн ҳам ўз навбатида мавзу бўйича мустақил фикрларини баён этган. Унинг тахминича, бугунги юзага чиққан кўрсаткичларга бир омил сезиларли таъир кўрсатган. Яъни, мазкур эпидемия шундай хусусиятга эгаки, вирус муайян материяни “тўлиқ эгаллаб олмайди”. «Шундай ҳудудлар борки, масалан Хитой, Шимолий Америка, Европа, касаллик жуда кенг ва юқори тезликда тарқалган. Айрим майдонларда эса вирус таъсири кучли эмас, ўлим ҳолатлари кам. Шу боис соғлиқни сақлаш тизими у қадар ташвишга тушмаган. Тадқиқот ва изланишларга ҳам зўр берилмаган, табиийки, ҳосил бўлган рақамлар ҳам кичик», – дея ўз таҳлиларини баён этган Альтштейн.
Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология илмий текшириш институти Бош илмий ходими Виктор Зуев муаммога бошқа нуқтадан туриб назар ташлайди. Унинг тахминича, вирусдан зарарланиш ҳолатлари камлиги ёки умуман йўқлиги иқлим шароитларига ҳам боғлиқ экан. «Бу ерда гап иқлими иссиқ, яъни қаердаки COVID-19 касаллигига дуч келган инсонлар жуда кам ёки умуман йўқ юртлар ҳақида кетяпти. Бундай ҳудудларда ҳаво ҳарорати тез-тез ўйнаши, сезиларли даражада ўзгариб туриши кузатилмайди. Демак, кишиларда иммунитет даражаси ҳам барқарор бўлади», – дейди Зуев.
Масалан, Россияда қиш фаслида одамларда иммунитет пасаяди, айниқса, ҳўл иқлим ўз ҳукмини ўтказадиган кузнинг охири ва эрта баҳорда. Шунинг учун ҳам бу ерларда вақти-вақти билан оддий гриппнинг урчиши ҳам осон кечади. Иссиқ юртларда эса бундай омил, яъни юқумли касалликларга кучли мойиллик ҳолати йўқ.
«Бепоён Россияда ҳам коронавирус касаллиги учрамаган ҳудудлар бор. Демак, ушбу хасталикнинг ўта паст даражаси кузатиладиган мамлакатлар мавжудлигига нега ишонмаслигимиз керак?» – дея хулоса қилади эпидемиолог.
Интернет материаллари асосида
Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади, 
 ЎзА