Болалар бошланғич таълимга бепул тайёрланади

Кўникма — инсон учун катта эҳтиёж. Катталар-ку, майли, аммо кичиклар учун бу сув ва ҳаводек зарур.
Масалан, ота-онаси бағридан чиқиб илк бор мактаб партасига ўтирган ўғил-қизларнинг ҳаяжонини тасаввур қилинг. Боғча тарбиясини тўлиқ олган кичкинтойлар эҳтимол бу борада кўпам қийналишмас. Аммо бошқалар-чи? Улар ҳарф танишда, савод чиқаришда, энг содда ҳисоб-китоб амалларини бажаришда тенгдошларидан нима учун ортда қолиб кетишлари керак?
Бу масала ҳукуматимизни ҳам анчадан буён ўйлантириб келаётган эди. Шу сабабли кеча Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни бошланғич таьлимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Хўш, мазкур ҳужжат нимаси билан муҳим?
Бу ўринда гап таълимнинг пойдевори ҳақида кетмоқда. Бунинг учун эса, аввало, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш керак. Соғлом, фаол, баркамол фарзандларни вояга етказишнинг шарти шу. Ҳукумат қарори эса болаларни бошланғич таълимга сифатли тайёрлаш мақсадини кўзда тутади.
Ҳужжат аввалида 2018/2019 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида, Фарғона вилоятининг Фурқат тумани ва Қувасой шаҳрида ҳамда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Миробод, Бектемир, Учтепа, Яшнобод, Чилонзор, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш тизими тажриба-синов тариқасида муваффақиятли амалга оширилгани қайд этилган.
Бу эса мазкур илғор тажрибани мамлакатимизнинг бошқа бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштириш мумкинлиги тасдиқлайди.
Шу боис қарор асосида мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар учун тайёрлов гуруҳларини шакллантириш, мазкур гуруҳлар ўқув-тарбия жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини жорий этиш каби вазифалар амалга ошириладиган бўлди.
Белгилаб қўйилганидек, тайёрлов гуруҳлари учун 2019/2020 ўқув йили шу йилнинг 10 мартдан бошланади ва 20 августда тугайди.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб эса тайёрлов гуруҳлари учун ўқув йили ҳap йили 2 сентябрдан бошланади ва кейинги йилнинг 25 майида тугайди.
Давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ҳамда улардан ташқари тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган кун (бир ҳафтада камида 15 соат таълим-тарбия жараёни ташкил этилган ҳолда) режимида ташкил этиладиган тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари бошланғич таълимга тайёргарликдан ўтган, деб ҳисобланади ва мажбурий бепул бир йиллик тайёрловдан озод этилади;
Давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ҳамда улардан ташқари ташкил этилган тайёрлов гуруҳларида бошланғич таълимга
мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтган болаларга бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификат берилади.

 

ЎзА