Ўзбекистон – Литва парламентлараро ҳамкорлиги кенгаймоқда

Литва Сейми спикерининг ўринбосари Ирена Шяулене бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Делегация аъзолари 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Б.Алихонов билан учрашди.
photo5384315485421677649.jpg

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодий соҳаларни модернизация қилишда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хорижий давлатлар парламентлари билан алоқаларни кучайтириш устида иш олиб бормоқда. Хусусан, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолияти бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон – Литва парламентлараро ҳамкорлиги ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Суҳбат аввалида меҳмонларга мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумот берилди. Қонунчиликдаги янгиликлар, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, экологик барқарорликни таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди. Ўзбекистон парламентига ўтган йили бўлиб ўтган сайловлар, унинг натижалари алоҳида эътироф этилди.

photo5384293800131800273.jpg

Айни пайтда Ўзбекистон билан Литва ўртасида 33 та ҳужжат имзоланган бўлиб, улар икки мамлакат алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Учрашувда томонлар парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари, савдо, инвестиция, соғлиқни сақлаш, инновация ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.

photo5384315485421677651.jpg

Келгусида парламентлар ҳамкорлиги бўйича гуруҳлар фаолиятини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Хусусан, 2013 йилда Литва Сеймида ташкил этилган Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Литва парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ фаолият олиб бормоқда.

– Литва – Ўзбекистон ҳамкорлиги кейинги йилларда изчил ривожланмоқда, – деди Литва Сейми спикери ўринбосари Ирена Шяулене. – Бу ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентлараро алоқалар муҳим аҳамият касб этади. Учрашувда биз нафақат қонун ижодкорлиги бўйича, балки парламент қўмиталари билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдик. Шу ўринда таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил йўлга қўйилаётганини қайд этиш жоиз. Делегациямиз ташриф доирасида «Таълим ва карьера» халқаро кўргазмасида иштирок этди. Шунингдек, Литва ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари ўртасида меморандумлар имзоланди. Биз экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида ҳам ўзаро алоқаларни кенгайтириш ниятидамиз.

photo5384315485421677652.jpg

Делегация аъзолари мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни юқори баҳолаб, Президентимизнинг барча соҳаларни қамраб олган оқилона стратегиясини алоҳида эътироф этди.

Учрашувда савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга кўтариш, маданий-гуманитар ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Литва делегацияси, шунингдек, мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида бўлиб, икки томонлама музокаралар ўтказди.

photo5384315485421677653.jpg

 

Н.НАСРИЕВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА