Бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, жиноят содир этилишига олиб келадиган омилларга барҳам беришда давлат, жамоат ташкилотлари, маҳалла, таълим-тарбия муассасалари билан ўзаро мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш, тизимли ишларни ташкил этиш долзарб вазифага айланди.
Шундан келиб чиқиб жойларда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ва унинг қуйи тизимида ҳам белгиланган чора-тадбирлар асосида иш ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш учун тизимда ислоҳотларни давом эттиришни таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Ҳуқуқбузарликлар бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев профилактика инспекторлари фаолиятини ўрганмоқда. Шу билан бир қаторда аҳоли муаммолари, соҳага доир ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда амалий кўмак, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликларнинг барвақт олдини олиш, тизимга оид янгиликлар бўйича тавсия ва йўл-йўриқлар бермоқда.
Ўтказилаётган ўрганишлар, кўрсатилаётган ёрдам келгуси фаолиятни янада яхшилаш, ҳукуматимиз томонидан соҳа ходимлари олдига қўйилган вазифаларни оғишмай адо этишлари учун хизмат қилади.

 

ЎзА