Унда ҳукумат аъзолари, марказий идоралар раҳбарлари, маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов очди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Депутатлар ва сенаторлар қўшма мажлисни ўтказиш бўйича муваққат котибият ва мажлисда электрон тизимдан фойдаланиш устидан назорат гуруҳини сайладилар, кун тартиби тасдиқланди.
Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш, мамлакатимизни янада тараққий эттириш юзасидан устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Бу борада муҳим таклифларни илгари суриб, уларни амалга ошириш бўйича янгидан тасдиқланадиган ҳукумат олдида турган асосий вазифалар хусусида тўхталди.
Қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ўртасидаги ўзаро самарали ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, ижроия органлари раҳбарларининг Олий Мажлис палаталари олдидаги ҳисобдорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Шундан сўнг Бош вазир номзоди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури кўриб чиқилди.
Мамлакатимиз Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнини қўлга киритган сиёсий партия томонидан ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларига сазовор бўлган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайловда 53 нафар депутатлик ўрнини эгаллаган эди. Партиянинг яқинда бўлиб ўтган Сиёсий кенгаши мажлисида Бош вазир номзоди кўриб чиқилди ва Президентга тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Абдулла Арипов номзодини тавсия этди.
Абдулла Арипов қўшма мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури ҳақида нутқ сўзлади.
Мажлисда сўзга чиққанлар Президентимизнинг маърузасида баён этилган устувор йўналишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия этилган номзодни маъқулладилар.
Олий Мажлис палаталари Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси ўз ишини якунлади.