Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида VII Европа киноси фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси билан бирга Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот воситалари Миллий Ассоциасиясининг (ЭОАВМА) кўмагида ташкил этилган фестиваль доирасида мамлакатимизнинг Тошкент, Нукус, Урганч ва Жиззах шаҳарларидаги катта экранларда Австрия, Белгия, Болгария, Венгрия, Германия, Дания, Италия, Латвия, Голландия, Финляндия, Франция ва Швециянинг таниқли режиссёрлари томонидан яратилган фильмлар намойиш этилади.
– Европа киноси фестивалининг “Оролбўйи-экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” халқаро конференция кунларида ўтаётганлиги билан аҳамиятли, –дейди “Қорақалпоқкино” агентлиги директори Бектилеў Низаматдинов.– Оролбўйи кино ихлосмандлари “Жаннат 89” бадиий фильми, “Кичик фермер” драмаси ва “Белгияликлар Қироли” комедия жанрида суратга олинган драмаси, “Қовоқчанинг ҳаёти” ва “Қишдаги Луиза” мультфильмларини томоша қилишлари мумкин.
Барча фильмлар рус ва ўзбек тилидаги субтитрлар билан аслият тилида бепул намойиш этилмоқда.
Довуд Аабибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА