Ўзбекистон ва Хитой ўртасида карантин остидаги маҳсулотлар импортини назоратдан ўтказиш такомиллашади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясида Хитой Халқ Республикасининг Бош Божхона бошқармаси вакиллари билан ўзаро тажриба алмашиш, соҳага оид ўзгаришларни муҳокама қилиш мақсадида илк бор видеоконференция – вебинар ташкил этилди.
Бу ҳақда “Ўздавкарантин” инспекцияси ахборот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш ҳамда зарарли организмларга қарши курашиш юзасидан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Жорий йилда “Ўздавкарантин” инспекцияси ҳамда ХХР Бош божхона бошқармаси ўртасида “2019-2020 йилларда ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида чора-тадбирлар дастури“ ишлаб чиқилгани ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлайди. Икки давлат карантин хизматлари биринчи бор видеоконференция кўринишида фикр алмашиши айни дастур доирасида ташланган дастлабки қадамлардан бўлди.
Вебинарда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонасида ҳамкор мамлакат мутасаддилари, жумладан У Цзяцзяо (Гуанчжоу), Тен Кай (Шанхай), Луо Джун (Пекин) ҳамда элчихонанинг савдо-иқтисодий масалалари бўйича мутахассиси иштирок этди. Видеоконференция ишида Ўзбекистон томонидан “Ўздавкарантин” инспекциясининг Халқаро алоқалар, инвестициялар ва инновацион ривожланиш бошқармаси ходимлари ҳамда 30 нафарга яқин ҳудудий карантин инспекциялари агрономлари қатнашди.
Амалий руҳда бўлиб ўтган виртуал учрашувда хитойлик мутахассислар ички ва ташқи ўсимликлар карантини, шунингдек, карантин остидаги маҳсулотлар импортини назоратдан ўтказиш жараёнлари хусусида фикр алмашди. Зарарли организмларга қарши курашиш ва бу борадаги инновацион ёндашувлар масаласида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Хитой томони “Дала назоратини амалга ошириш” мавзусида ўзбекистонлик ҳамкасблари учун кўргазмали чиқишлар намойиш этди.
Видеоконференция якунида бундан кейин ҳам ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, бу каби учрашувларни ташкил этишга келишиб олинди.

 

А.МУСАЕВ, ЎзА