Ўзбекистон ва Япония: таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича мулоқот

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон – Япония олий таълим муассасалари ректорларининг III конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Бугунги кунда олий таълим соҳасида Япония билан ҳамкорлик касбий таълимни ривожлантириш, академик алмашинув, мутахассисларнинг касбий малака ва маҳоратини ошириш каби йўналишларни қамраб олган.
– Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ўзининг географик жойлашуви, демографияси билан ажралиб туради, – дейди Япония Парламенти Вакиллар палатаси депутати, Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирининг парламент ўринбосари Хироюки Накамура. – Мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик жадал тараққий этаётгани қувонарли. Хусусан, Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг 2015 йили Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети қошида Ўзбекистон – Япония ёшлари инновацион маркази иш бошлаган эди. Ушбу конференция олий таълим соҳасидаги ҳамкорликда янги истиқболлар очишига ишонаман.
Япониянинг Нагоя университети президенти Мацуо Сейитининг қайд этишича, аҳолисининг аксариятини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ушбу анжуман академик алмашинув, университетлараро алоқаларни кенгайтиришда янги имкониятлар эшигини очади.
Конференция доирасида академик ва илмий ҳамкорлик, талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш йўлидаги ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш, икки мамлакат етакчи инновацион марказлари, технопарклари, университетлари ўртасидаги алоқаларни янада жадаллаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА