Ўтган асрнинг 40 йилларидан то 90 йилларигача – ярим аср давомида бутун дунёдаги энг махфий ҳудудлардан бири саналиб келган Орол денгизининг қоқ марказидаги Возрождение ороли ҳамон сирлилигича қолмоқда. Тажриба синовлари тугаганига 27 йил вақт бўляпти-ки, бу ерда Собиқ Иттифоқнинг совуқ уруш давридан қолган заҳарли сарқитлари сақланиб келаётганлиги айтилмоқда.
Орол денгизи тўлин пайтларда унда 300 га яқин катта-кичик ороллар мавжуд бўлган. Шуларнинг энг йирик 3 таси Кўкорол, Барсакелмес ва Возрождениедир.
Возрождение ороли XVI-XVII асрларда Орол денгизи сатҳи пасайган вақтда ҳосил бўлган. Маҳаллий аҳоли томонидан Қантубек деб номланиб келинган ушбу жой 1848 йилда лейтенант Алексей Бутаков экспедицияси томонидан кашф қилиниб, I Николай подшоҳ ҳурматига Николай ороли деб номланган. Кейинчалик янги ҳукумат даврида Возрождение номи билан атала бошлаган. Атрофи феруза рангли сув билан ўралган оролда минглаб сайғоқлар тўдасини учратиш мумкин бўлган, денгиз эса балиқларга бой бўлган.
Қадимдан балиқчилар макон қилиб келинган сўлим манзарали орол ўтган асрнинг 40 йилларидан бошлаб биологик қуролларни синовдан ўтказадиган ҳудудга айлантирилади. Шу пайтдан бошлаб балиқчиларга ва бошқа бегоноларга ҳудудга яқинлаш қатъиян ман қилинган.
Шартли равишда ҳудудни “Бархан” ёки “Аральск 7” деб номлаган. Ҳудуд ўта махфий саналган ва дунёнинг ҳеч бир хариталарида акс этмаган эди. Махфийлик даражаси шу қадар бўлганки, полигонда хизматда юрган ходимлар қаерда ишлашаётганини билмаган.
Возрождение ҳақида кўп эшитар эдик, интернетда эса у ҳақида маълумотлар бисёр, лекин шу кунгача у ерга бориб кўриш насиб қилмаган эди. Жорий йил бошидан мазкур ҳудудда қудуқлар қазилиб, саксовуллар экилиб, яшил оазислар пайдо қилиниши баҳонасида арвоҳ шаҳарни кўзимиз билан кўриш иштиёқи яна ошди.
Бизга йўлбошчилик қилаётган мўйноқлик йигит шаҳарнинг мародёрлар томонидан қўпол тарзда талон-тарож қилинганлигини айтиб берди.
– Эшитишимча, бу ердаги ҳарбий қисмда қорақалпоғистонлик бир йигит ҳам хизматда бўлган экан, – дейди у. – Унинг айтишича, Собиқ Иттифоқ тарқаб, полигон фаолияти тугагандан кейин Қозоғистоннинг Орол шаҳридан, Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот, Мўйноқ туманларидан кўплаб одамлар бу ердан нарсалар таший бошлайди. Шунда ҳалиги йигит ҳам металалом ташишга кўпчиликка эргашиб келади ва шаҳарни кўриб ҳайратдан қотиб қолади.
– Наҳотки, бу мен хизмат қилган шаҳар бўлса, – деб бақириб юборади. – Мен аниқ шу шаҳарда ҳарбий хизматда бўлганман.
Унинг гапига бошқалар ишонч билдирмайди. Шунда у мен ўзимнинг хонамни топиб бераман сизларга. Хонамдаги деворга ўзимнинг исмимни ёзиб кетганман, деб ҳаммани эргаштириб олиб борса, ҳақиқатдан ҳам ёзув сақланиб қолган экан.
Йўлбошловчи йигитнинг айтган ҳикоясидан кейин у кишини топиш ва суҳбат уюштиришга қизиқиш билдиргандик, лекин у ҳақида бошқа маълумот топишнинг иложи бўлмади.
Умуман олганда, махфий ҳудудда бир пайтнинг ўзида бир ярим мингта киши яшаб, хизматда бўлган бўлса ҳам уларга маълум вақтгача сирни ошкор қилмаслик бўйича хизмат топшириғи бўлганлиги аниқ, чунки ҳатто Интернетда ҳам бу бўйича хизматда бўлган ёки ҳарбий шаҳарда яшаган бирон кишининг тилидан айтилган ҳикояларни топиб бўлмайди.
Фақат Қанатжан Алибеков (Кен Алибек) томонидан фош қилинган сирлар бутун дунёни ларзага солган эди.
Кен Алибек ким эди?
Қанатжан Алибеков (АҚШда Ken Alibek, Kenneth Alibek) 1950 йилда таваллуд топган. Шифокор, олим, иммунология ва инфекцион касалликлар бўйича мутахассис. Ҳарбий шифокор, полковник, Биология фанлари ва Биотехнология фанлари доктори илмий даражаларига эга.
У 1975 йилдан бошлаб Собиқ Иттифоқда биологик қурол ясаш ва синов билан шуғулланадиган “Биопрепарат” ташкилотида раҳбар лавозимларда фаолият юритади. 1990 йилда Собиқ Иттифоқ президенти М. Горбачевга йўллаган Иттифоқдаги биологик қурол ишлаб чиқариш дастурини тўхтатиш бўйича тавсия хати маъқулланади ва 1991 йилнинг охирида АҚШ биологик объектларини инспекция қиладиган комиссия бошқарувчиларидан бири бўлади. Инспекция АҚШнинг ҳарбий биологик қурол ишлаб чиқаришини 70 йиллар бошларида тўхтатганини кўрсатади.
Қанатжан Алибек 1992 йилда АҚШга кўчиб ўтиб, “Biohazard” номли китобини чоп қилади ва унда Возрождение оролининг сири тўла очиб ташланади. Китобда муаллиф “1998 йилда менинг раҳбарлигимда Степногорск шаҳрида ясалган “Сибирь куйдиргиси” нинг дунёдаги энг кучли штамми ушбу оролда синовдан ўтказилди” деб кесиб айтди.
Қантубек шаҳрига бораётганимизда ҳар жойда турган баскетбол ўйнайдиган столбага ўхшаш қозиқлар эътиборимизни тортди. Бу қозиқлар шаҳардан 5-6 километр узоқда эди. Маълумотларга кўра, энг қўрқинчли синовлар шу қозиқлар атрофида ўтказилган экан.
Маълумки, мазкур оролда ярим аср давомида ит, маймун, қўй, от каби ҳайвонларда бошқа бактериологик қуроллар ҳам синовдан ўтказилган. Препаратлар намуналари Степногроск, Киров, Екатеринбург каби ўнлаб шаҳарлардаги биокимёвий лабораториялардан етказиб бериб турилган.
Қанатжан Алибековнинг таъкидлашича, кичикроқ тажрибалар ўтказиш мақсадида, ҳалиги қозиққа 8-9 та маймунни боғлаб, уларнинг тепасидан сибирь куйдиргисини келтириб чиқарадиган биологик “бомба” ни сочиб юбориб турган. Шундай қилиб, махсус ўлчов асбобига юқумли штамларнинг очиқ осмонда қандай қилиб тарқалишини, қандай вақтда тажриба-маймунларга етишини ва уларга қандай таъсир қилиб, қандай ўлишигача ёзилиб олинган. Маймунлар тепаларида “бомба” ёрилганида аввалида нима бўлганини билмай, кейинчалик безовталаниб қозиқ атрофида айланиб югура бошлайди, сўнг оғизларини босиб, бошларини оёқлари ўртасига яшириб, кўп ўтмай жон таслим қилади.
Энг даҳшатлиси, бу каби синовлар бактериялик аэрозолнинг атмосферага тарқалиш кўламини тадқиқ қилиш учун Возрождение оролининг устки ҳаво қаватида ҳам юритилган. Шундай пайтларда орол атрофида, асосан жанубий қисмида юриш жуда хавфли бўлган. Чунки осмонда олиб бориладиган тажриба синовлари жанубий қисмида содир бўлган. Тажриба ўтказилган пайтларда атроф яшил рангда туманлашиб кетган.
Оролдаги фавқулодда вазиятлар 1970 йиллардан бошланади. 1971 йилда денгизда сузиб юрган тадқиқот кемаси шамол кучи билан қирғоқдан узоқлаб кетади ва қалин яшил туманга кириб кетади. Экспедиция таркибидаги ёш аёл олим касалланиб қолади. Шаҳарга келгандан кейин унинг касалига чечак диагнози қўйилади. Кўп ўтмай касали тузалади, лекин касаллик 9 нафар кишига юқади ва улардан 3 нафари, жумладан укаси ҳам вафот этади.
Орадан бир йил ўтиб, орол соҳилидан кетаётган қайиқда илгари ғойиб бўлган икки балиқчининг жасадлари топилади. Уларнинг ўлимига ўлат сабаб бўлганлиги маълум бўлади.
Бир мунча вақт ўтгач, маҳаллий аҳоли денгиздан кўплаб ўлик балиқларни тортиб олади. Ҳеч ким нима бўлганини тушунмайди. 1988 йил май ойида эса орол яқинидаги чўлда 50 минг бошдан иборат катта сайғоқ подаси 1 соат ичида нобуд бўлганлиги қайд этилади.
Ушбу ҳодисаларга оролда олиб борилган бактериологик қуролларнинг синов тажрибаси сабаб бўлди, деган хулоса чиқарилади.
Аввал таъкидлаганимиздек, бактериологик қуроллар ҳавода ҳам синаб кўрилган.
Хавфли антракс қуролининг Собиқ Иттифоқда ишлаб чиқилаётгани ҳақида тарқалган хабар эса халқаро можарога сабаб бўлади. 1988 йилда Россиянинг Свердловск шаҳри қошида ишлаб чиқарилган юзлаб тонна сибир куйдиргисини келтириб чиқарувчи қуроллар зангламайдиган махсус контейнерларга жойлаштирилади ва устига хлорли оҳак қуйилади. Кейинчалик минглаб километр йўл босиб Возрождение оролига кўмилади.
Баъзи маълумотларда антракснинг 10 килограмми 300 минг одам яшайдиган битта шаҳарни бир тунда қириб ташлаш мумкинлиги ҳақида айтилади. Возрождениеда эса 24 та вагон антракс кўмилган. 1999 йилда New York Times газетаси ушбу кўмилган антракс қуроли бутун дунё аҳлини бир неча бор йўқ қилиб юборишга қодир, денгиз суви қуриб кетяпти, орол келгусида ярим оролга айланса, у ердан кемирувчилар ва қушлар орқали касаллик тарқаб кетиши мумкинлиги ҳақида бонг уради.
Оролда полигон фаолияти тўхтатилгандан кейин Пентагон мутахассислари ва бошқа илмий экспедициялар томонидан бир неча бор тадқиқотлар ўтказилган. Лекин, шу кунгача тадқиқот олиб борган қатор экспедициялар хулосасига кўра, ҳудудда эпидемиологик хавф кузатилмаган.
Мўйноқлик қари балиқчилар бу ҳақида нима билади?
Мўйноқлик кўпчилик ёши улуғ балиқчилар ушбу махфий ҳудудга ва ҳарбий кемаларга кўп маротоба рўбарў бўлганини яхши эслайди.
– Бир куни Қозоғистоннинг Орол шаҳридан баржага ортилган юкни Мўйноққа тортиб олиб келаётгандик. Бир вақтда кемамизнинг винтига трос илиниб қолиб, юрмай қолди. Анча овора бўлдик, лекин, трос ёзилмади. Ёрдамга чақирувчи қизил SOS ракетасини учирдик. Орадан 2 соат вақт ўтгандан кейин ёнимизда ҳарбий катер пайдо бўлди. Бортдаги ҳаммамизни ўзларининг катерига ўтказиб, каютасига қамаб қўйди ва кемамизни судраб номаълум қирғоққа олиб келди. Биз қаерга келганимизни билмасдик. Бу ерда бироз вақт кемамиз тагига илашган тросларни ёздириб, қайтадан судраб аввалги жойимизга олиб келди ва бу ҳудудга қайтиб яқинлашманг, деб буюрди, – дейди мўйноқлик балиқчи Олмос Тобашев.
– 1970-75 йилларда Орол денгизида бакрабалиқ кўп бўларди. Бакрабалиқ асосан денгизнинг ўртасида бўларди. Баъзан қоронғи тунда адашиб ҳам қолганмиз. Бир куни қалин туманда денгиз ўртасида компасимиз ишламай қолди, денг. Кўп вақт адашиб юрганмиз. Тўсатдан ёнимизда ҳарбийлар кемаси пайдо бўлган. Компасимизни тузатиб, қайси томонга юришимизни кўрсатган. Кейин билсак, биз адашиб, ўша пайтларда энг махфий саналган ҳудуд – Орол денгизи ўртасидаги Возрождение оролига яқинлашиб қолган эканмиз, – деб эслайди учсойлик Адилбай Бигелдиев.
Арвоҳ шаҳарни туристик мақсадда фойдаланса бўлади…ми?
Возрождениега кириб борар эканмиз, саҳро табиатининг гўзаллиги лол қолдирди. Жорий йилга баҳорда ёғингарчилик мўл бўлгани боис атроф ям-яшил эди. Қуён кўп экан. Саксовул қалин бўлиб ўсиб кетган.
Шаҳарга киришимиз билан қандайдир хавотир вужудимизни эгаллаб олди. Бўм-бўш кўп қаватли уйлар, бинолар. Шамол ҳувиллаб, қўрқинчли овозлар қулоғингга чалинади. Бир бурчакдан номаълум ҳайвон чиқиб келадигандек туюлаверади.
Ташландиқ шаҳар мародёрлар томонидан шундай таланганки, бинолар ичига кириш хавфли бўлиб қолган.
Шаҳар иккита қисмдан иборат: шимолий қисмида бир ярим мингга яқин полигон хизматидаги ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари ва аскарлар яшаган, жанубий қисмида эса лабораториялар фаолият юритган.
Аҳоли яшаган қисмини 4 соат айланиб юрганимиз билан ҳаммасини кўриб чиқишга улгура олмадик. Бизга ҳар бир объект қизиқ эди. Ҳа, бу ерда мактаб, шифохона, болалар боғчаси, ошхона, дўкон, ҳаммом-кирхона комбинати, омборхона, автобаза, ҳаттоки, турмаси ҳам бўлган. Мактаб билан шифохона бутунлай қўпориб олиб кетилган. Шаҳарнинг ғарбида камида 40 тонна келадиган кўмир уюндиси қолиб кетган. Автомашиналар, ҳатто танклар ҳам ташлаб кетилган. Бугунги кунда уларнинг фақат скелети қолган.
Хавфли ҳудуд бўлган бўлса ҳам бу ерда аҳолининг яшаши учун жуда яхши шароит яратилгани яққол кўзга ташланади. Атрофи денгиз билан қуршалган ҳудуд ҳақиқий гўзал манзарага эга бўлганлиги аниқ.
Шаҳарнинг жанубида 3 километрда жойлашган қисмида лабораториялар мавжуд. Хавфли бўлишига қарамасдан, мародёрлар томонидан лабораторияларнинг материаллари ҳам аёвсиз туналган. Ҳозиргача ушбу бинолардан дориларнинг ҳиди анқиб турибди.
Иккита шаҳарнинг ўртасида қозонхонага ўхшаш бинони кўрдик. Маълум бўлишича, крематорий печь ҳам бўлган экан. Яъни, тажриба ўтказилган ҳайвонлар шу ерда ёқиб юборилиб, жасадларнинг кули махсус жойга кўмилган. Баъзи маълумотларга кўра, касаллик юқтирган одамлар ҳам шу ерда ёқиб юборилган.
Ташландиқ шаҳарда қизиқарли объектлар кўп-ки, уларни бир кун ичида айланиб чиқиб бўлмайди.
Хўш, Возрождение хавфли ҳудудми ёки йўқ? Бу саволнинг боши ҳамон очиқ қолмоқда.
Кўплаб давлатларда, хусусан, Чернобилда ҳам арвоҳ шаҳарлар туристик мақсадда фойдаланиб келинмоқда. Возрождение ҳудудининг хавфсизлиги исботланса, сайёҳлик йўналишида тезда машҳур бўлиши аниқ.
Ҳозирнинг ўзида Возрождениега яқин жойда, яъни Шағала массивида қудуқлар қазилиб яшил оазис барпо қилинмоқда. Мақсад сайёҳлик салоҳиятни кўтариш.
Возрождение эса номига мос тарзда қайта уйғонмоқда.
Е.ҚАНОАТОВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар, ЎзА