Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзолари битта олтин ва иккита бронза медални қўлга киритди

Вьетнамда бокс бўйича хотин-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари битта олтин ва иккита бронза медални қўлга киритди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида терма жамоамизни тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали кутиб олди.

Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистон дунёга спорти жадал ривожланган мамлакат сифатида танилди. Хусусан, ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларга эришмоқда.

9.jpg

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларга ҳар томонлама пухта тайёрланиши ва муносиб иштирок этиши, терма жамоаларни янги истеъдодлар билан бойитишда муҳим омил бўлаётир.

Осиё бокс конфедерацияси томонидан ташкил этилган хотин-қизлар ўртасидаги қитъа чемпионатида йигирмага яқин давлатдан юздан зиёд чарм қўлқоп усталари совринли ўринлар учун баҳслашди.

Иқтидорли спортчимиз Гўзал Исматова вазни 81 килограммдан ортиқ бўлган боксчилар баҳсида рақибларини катта устунлик билан мағлубиятга учратиб, Осиё чемпиони унвонини қўлга киритди.

– Ғалабам шарафига давлатимиз мадҳияси янграб, Ватанимиз байроғи кўтарилганда шундай юртда туғилиб, вояга етаётганимдан ғурурланиб кетдим, – дейди Осиё чемпиони Г.Исматова. – Халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшларнинг, жумладан, қизларнинг спорт билан шуғулланиши, иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.

Осиё чемпионатида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Ёдгорой Мирзаева ва Эъзозахон Мелиева бронза медални қўлга киритди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА