Умумтаълим мактаблари муқобил дарсликлар билан таъминланади

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 апрелдаги “Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтириб ўтилди.
Мазкур қарорда умумтаълим мактаблари учун яратилаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сифатини ошириш, ўқувчиларни дарсликлар билан тўлиқ таъминлаш, сифатли дарсликларни танлаш имкониятларини кенгайтириш, рақобатбардош, муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш мақсади мужассам.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактаблари учун яратиладиган муқобил дарсликларни таянч мактабларида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синовдан ўтказади.
Муқобил дарсликларнинг ўзи нима?
Муқобил дарсликлар – Халқ таълими вазирлиги томонидан битта ўқув фанидан ўқувчиларга тавсия этилган асосий дарсликлар билан бир қаторда алоҳида ёки қўшимча равишда фойдаланиш мумкин бўлган дарсликлар ҳисобланади.
Қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, муқобил дарсликларни таянч умумтаълим мактабларида тажриба-синовдан ўтказиш билан бирга мазмунан, дизайн жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида вазирликнинг расмий веб-сайтида ойлайн тарзда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Таклиф ва мулоҳазалар олинади.
Умумтаълим мактабларини муқобил дарсликлар билан таъминлаш ихтиёрий равишда ота-оналар, мактаб педагогик жамоалари ва ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

 

ЎзА