Бугун, 5 апрель Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг касб байрами 

Давлатимиз раҳбари ҳар қайси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи бевосита ўз ваколати доирасидан чиқмайдиган, бир-бирининг функциясини такрор этмайдиган тизим шакллантиришимиз шарт, деб қайд этган эди.
Бу фикрларнинг амалий исботини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти қонун асосида тартибга солинаётганида яққол ўз ифодасини топди.
Илгари ички ишлар, хафсизлик хизматига оид махсус қонун бўлмагани тизимларнинг ваколат ва вазифаларида чалкашликлар юзага келтиргани сир эмас.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан бир йил муқаддам — 2018 йил 5 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунга имзо чеккан эди.
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланди.
Хизматнинг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлашдаги ўрни белгилаб берилди. Турли тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича фаолият олиб бориши мустаҳкамлаб қўйилди.
Шу каби меъёрлар акс этган қонун тизимнинг самарали фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Мазкур ҳужжат соҳага оид қабул қилинган илк қонун бўлгани учун ҳам тарих зарварақларидан жой олди. Бу сана кейинчалик Давлат хавфсизлик хизмати куни, этиб белгиланди.
2018 йил 2 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунда бу ўз ифодасини топди.
Бугун эса Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари куни илк бор нишонланмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, соҳа ходимларини касб байрами билан қутлаймиз!
Мазкур сананинг касб байрами сифатида нишонланиши мамлакатимиз хавфсизлиги таъминланиши, соҳада ҳарбий-ватанпарварлик, аҳлоқий-маънавий ишларнинг кучайиши, хизмат бурчига садоқат руҳининг юксалишга хизмат қилаверсин!

 

Норгул Абдураимова, ЎзА