Иқтидорли талабаларга бериладиган стипендиялар яна биттага кўпайди

Олий таълим муассасаларининг иқтидорлик талабаларига бериладиган стипендиялар эндиликда яна биттага кўпайди. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурни ижросини таъминлаш, гидроэнергетика соҳасининг малакали мутахассисларга бўлган ҳақиқий талабини инобатга олиб, малакали кадрларни тайёрлаш жараёнини қўллаб-қувватлаш, хусусан иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида стипендия жорий этилган.
Мазкур стипендияни биринчилардан бўлиб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг беш нафар талабаси сазовор бўлди. Уларнинг 2 нафари магистратура, 3 нафари бакалавр йўналишида таҳсил олмоқда.
IMG_8681.JPG
Стипендиялар миқдори энг кам иш ҳаққининг 6 баробарини ташкил этади. Мазкур стипендия талабанинг институтдан оладиган стипендиясидан ташқари, бир йил давомида бериб борилади.
Қайд этиш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг номдор стипендиясини талабаларга бериш жараёнлари очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилди. Стипендияга тақдим этилган номзодлар институт илмий кенгаши тавсияси ва жамиятда тузилган комиссиянинг белгиланган талаблари асосида аниқланди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ўтказилган тадбирда талабаларга жамиятнинг махсус гувоҳномаси ва пластик карточкалари топширилди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА