Илмий фанларга ошно этиб...

Ўзбекистонда болаларнинг тўлақонли дам олиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Ўтган йилнинг ноябрь ойида пойтахтимизда жорий қилинган “Ақлли шаҳар“ лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирлар ҳам айнан шунга йўналтирилган. 

“Ақлли Тошкент“ лойиҳаси 2013 йилда Москвада М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг битирувчилари томонидан бошланган “Ақлли шаҳар“ лойиҳаси доирасида ташкил этилди ва дунёнинг қарийб 30 шаҳрида ўтказилади. Ҳаммаси унумсиз маърузалардан бошланган эди, бугун эса бу ноёб форматдаги илмий-оммабоп дастурлар ва оилавий ҳордиқ халқаро лойиҳасидир.

Лойиҳа ташкилотчилари М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, мазкур олий таълим муассасасининг Тошкентдаги филиали вакиллари, шунингдек, пойтахтимиз олий таълим муассасалари талабалари ҳисобланади. Улар болаларга янги билимларни енгил ва қизиқарли шаклда интерфаол ва илмий далилларни унутмаган ҳолда етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шундай қилиб, “Ер сайёраси“ уларнинг энг биринчи мавзуси бўлди. Улар машғулот вақтида вулқон ва унинг отилишини бошқарадиган қурилма ясади.

– Болалар мустақил равишда нефть қазиб олди, уни ҳайдади, натижада бензин олди, – дейди лойиҳа ташкилотчиси Тимур Минибоев. – Улар метеостанция, об-ҳаво маълумоти қандай олиниши ва ҳатто мустақил равишда уни башорат қилиш ҳақида маълумот олди. Биз болалар ва уларнинг ота-оналарида фанга қизиқиш уйғотишга ҳаракат қилмоқдамиз. Болалар лабораторияда шуғулланаётган вақтда ота-оналар учун худди шу мавзу бўйича алоҳида катталар дастури – илмий стендап-шоу жанрида маъруза-викторина ўтказилади.

Яқинда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиалида бўлиб ўтган икки соатлик учрашув қизиқарли кимё фани, хусусан Менделеев даврий жадвалига бағишланган эди. Болалар тўртта лабораторияда металлни аниқлашга оид тажрибалар ўтказди, реактивлар ёрдамида яширин элементлар магний ва алюминийни топди, енгил ва оғир металл ва нометаллар ўртасидаги фарқни ажратдилар. Бир сўз билан айтганда, фанни амалиётда ўзлаштирди.

– Бизни беш гуруҳга ажратдилар. Ҳар бир гуруҳ тўрт лабораторияда бўлди, – дейди Мирзо-Улуғбек туманидаги 209-сонли мактабнинг 7-синф ўқувчиси Юлиана Кока. – Биз вазифаларни мустақил равишда бажардик, барча тажрибаларда иштирок этдик, агар бирон нимага тушунмаганимизда сўрадик. Масалан, биз фильтрацияни ўтказдик ва мис ҳамда қалай хоссаларини тадқиқ қилдик, микроскоп остида туздан магний кристаллини ўстирдик.

Болалар билан параллел равишда катталар учун ҳам қизиқарли дастур ташкил этилди. Қарийб 50 киши учун кимё билимлари бўйича викторина ўтказилди. Албатта улар қизиқарли шаклдаги маърузалар билан уйғунликда олиб борилди. Катталар буюк кимёвий ихтиролар, машҳур олим-кимёгарлар ҳақида суҳбатлашди ва албатта кимёвий ҳийлалар тўғрисидаги машҳур афсоналар фош этилди. Максимал балларни тўплаган ғолиб биологияга бағишланган навбатдаги эксперимент сертификатига эга бўлди.

– “Биологик экспериментлар“ илмий-оммабоп дастурида болалар биологиянинг бешта турли бўлимлари билан танишади, – дейди Т. Минибоев. – Бир лабораторияда улар ўргатилган лаборатория сичқонлари, уларнинг ташқи таъсирларга реакциясини текширсалар, бошқасида генетика, микроорганизмларнинг турли озиқ-овқат маҳсулотларига таъсири тўғрисида маълумотга эга бўлади. Сўнгра болалар колбада ёпиқ биосферани ўстиришлари мумкин. Бешта лабораториядаги кичик тадқиқотлар ёш тадқиқотчиларга биологиянинг асосий усулларини фарқлашга ёрдам беради.

Лойиҳа ташкилотчилари ҳар ой табиий фанлардан бири бўйича ёш олимлар томонидан ишлаб чиқилган мутлақо янги дастур тақдимотини ўтказади. Чипталарни ҳарид қилишда чегирмалар тизими амал қилиб, ота-оналар катталар дастурида бепул иштирок этиши мумкинлигини таъкидлаш жоиз.

Ҳар бир тадбирнинг якунида болаларга дипломлар топширилади.

3.jpg

5 (1).jpg
Ирина Доленко, ЎзА