БААда якунига етган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Мадриднинг “Реал” клуби қаторасига учинчи бор бош совринни қўлга киритди.
Маълумки, ушбу мусобақада анъанавий равишда энг яхши ўйинчи ҳам аниқланиб келади. Бу йилги турнирда “қироллик клуби” ҳужумчиси Гарет Бэйл шундай номга сазовор бўлди.
Шуниси эътиборлики, сўнгги йилларда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин тўпни қўлга киритган футболчи келгуси мавсум жаҳоннинг энг яхши футболчисига айланиши ҳам одатий ҳолда айланиб бормоқда.
Фактларга эътибор қаратсак, 2016 йили “Реал” Мадриднинг ўша вақтдаги етакчиси Криштиану Роналду клублар ўртасида ЖЧ тўпурари ва энг яхши футболчиси номига сазовор бўлганди. 2017 йилда эса олтин тўп ҳам Роналдуга насиб этади.
2017 йилги клублар ўртасида ЖЧ яна “Реал”нинг ғалабаси билан тугади ва бу сафар энг яхши футболчи номини Лука Модрич қўлга киритади.
Бироқ, ўшанда ҳеч ким 2018 йилда Модрич жаҳонда ҳам тенгсиз бўлиши ва Месси-Роналду эрасига якун ясашини хаёлига ҳам келмаган бўлса керак. Амалда эса шундай бўлиб чиқди.
Шундай экан, 2019 йилги мавсумда олтин тўпга асосий даъвогар футболчи ҳозирдан маълум, дейиш мумкин.
Отабек Эшмаматов, ЎзА