Гай Райдер Ўзбекистонга келди

Халқаро меҳнат ташкилотининг бош директори, жаноб Гай Райдер бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга етиб келди
 
photo5229190676963504180.jpg
Тошкентда бўлиб ўтадиган “Меҳнат соҳаси истиқболи: Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида муносиб бандликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар” мавзусидаги халқаро конференция муносабати билан бугун 13 декабрь куни Халқаро меҳнат ташкилотининг бош директори, жаноб Гай Райдер бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга етиб келди.
Делегация таркибидан Гай Райдер билан бирга, ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Минтақавий бюроси директори Хайнц Кёллер, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Бюроси директори Ольга Кулаева, бандлик масалалари бўйича ХМТ бюроси бош мутахассиси Михаил Пушкин, ХМТ бош директори маслаҳатчиси Одри Эспозито, иш берувчилар фаолияти бўйича ХМТ бюроси бош мутахассиси Владимир Чурович, меҳнат қилувчилар фаолияти бўйича ХМТ бюроси мутахассиси Гоча Александрия, ижтимоий ҳимоя бўйича ХМТ бюроси мутахассиси Ясмина Папа сингари хорижий экспертлар ўрин олган.photo5229190676963504179.jpg
Делегация Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов томонидан кутиб олинди.
Таъкидлаш ўринлики, бу ХМТ бош директори Гай Райдернинг Марказий Осиё минтақасига илк ташрифи ҳисобланади.
Ташриф доирасида делегация жорий йилнинг 14 декабрь куни Тashkent Hyatt Regency меҳмонхонасида ўтказиладиган халқаро конференцияда иштирок этади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар ўтказади. Шунингдек, делегациянинг Самарқандга ташрифи режалаштирилган.
ХМТ бош директори бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ва пойтахтда шундай юқори мақомда тадбир ўтказилиши меҳнат ва бандлик соҳаси бўйича эришилган сўнгги даврдаги ютуқлар натижасидир. Хусусан, жорий йилда АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонни пахта етиштириш ва териб олишда болалар меҳнатидан фойдаланувчи мамлакатлар рўйхатидан чиқарди, ХМТнинг дастлабки ҳисоботида эса мажбурий меҳнатга қарши курашишда Ўзбекистонда салмоқли юксалишлар кузатилгани қайд этилди.​​

 

ЎзА