Консуллик устави тасдиқланди

Консуллик мансабдор шахсининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланмоқда, унинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари жорий этилмоқда.
Олий Мажлис Сенатида “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.
Консуллик устави ГФР, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Жанубий Корея, МДҲ мамлакатлари каби хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда хорижда мамлакатимиз манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича консуллик муассасаларининг асосий вазифалари мустаҳкамланмоқда.
Ҳужжатда фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жумладан, консуллик округи ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган фуқароларга кўмаклашиш, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни йўқотганда кўмаклашиш бўйича консул функциялари кенгайтирилмоқда.
Консуллик мансабдор шахсининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланмоқда, унинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари жорий этилмоқда. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш, масалан, виза сўровномалари, ҳужжатларни талаб қилиб олиш учун аризалар бериш, консуллик ҳисобига олиш каби хизматлар кўрсатишга доир консуллик функциялари мустаҳкамланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

ЎзА