Миллий матбуот марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси томонидан матбуот анжумани ташкил қилинди.
Тадбирда қатор ҳамкор ташкилотлар билан меморандумлар имзоланди. Хусусан, бугунги кунда истеъмолчилардан қандолат маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ва Қандолатчиликни ривожлантириш ассоциацияси ўртасида конструктив ва ўзаро фойдали алоқаларни ўрнатиш ҳамда ривожлантириш мақсадида меморандум имзоланди.
Беш йил давомида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган ҳолда ўз вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, жараёнга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб этилади.
Мазкур меморандум истеъмолчилар дуч келаётган қандолат маҳсулотлари билан боғлиқ муаммоли вазиятлар ечимини топишда асосий восита вазифасини бажариб беради. Шунингдек, Қандолатчиликни ривожлантириш ассоциацияси истеъмолчилардан Федерацияга келиб тушган таклифларни ўрганиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига жўнатади.
Омонжон Тўхтамирзаев ЎзА