Эркинлик ва тенглик ғояларини мужассам этган қомус

Мамлакатимизда виждон эркинлиги қонун билан ҳимояланган бўлиб, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Шунингдек, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Конституциямизнинг 26 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Қўмита раиси Р.Қурбонов ва бошқалар таъкидлаганидек, қонун устуворлиги таъминланган, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, қолаверса, халқи бағрикенг Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил, иноқ умргузаронлик қилмоқда. Асрлар давомида халқимиз билан ёнма-ён, елкама-елка яшаб келаётган турли миллат вакиллари саналган ватандошларимизнинг ҳам мамлакатимиз тараққиёти ва равнақи йўлидаги ҳиссаси беқиёс. Зотан, юртимизнинг тинчлиги, осойишта ва фаровонлиги эркин ва бахтли яшашимизга, орзу-истакларимиз рўёбига хизмат қилаётир.

Тадбирда Бош қомусимизнинг жамиятда тутган ўрни, аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. «Мамлакатимиз Конституцияси – эркинлик ва тенглик ғояларини мужассам этган қомус», «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – эркин ва фаровон ҳаётимиз, Ватанимиз изчил тараққиётининг мустаҳкам пойдевори» каби мавзуларда маърузалар тингланди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг талабалари ва Миллий маданий марказларнинг ҳаваскор жамоалари томонидан тайёрланган байрам дастури намойиш этилди.
3.JPG

7.JPG
8.JPG

 

Моҳигул Қосимова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА