Мария Захарова билан учрашув

Шу кунларда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот ва матбуот департаменти раҳбари Мария Захарова бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Меҳмонлар 26 октябрь куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети педагогик жамоаси ва талабалари билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон – Россия муносабатлари янги босқичга кўтарилгани, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россия Федерациясига, Россия Президенти Владимир Путиннинг яқинда мамлакатимизга давлат ташрифлари ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлагани таъкидланди.

Давлатларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар ҳам кенгайиб бормоқда. Россия Президентининг ташрифи арафасида илк бор Ўзбекистон – Россия медиа-форуми ва Таълим форуми ўтказилгани фикримиз тасдиғидир. “Янги иқтисодиёт учун янги кадрлар” мавзусидаги Таълим форумида илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик, жумладан, мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини очиш тўғрисида 100 дан ортиқ келишув имзоланди.

Мария Захарова талабалар билан минтақадаги интеграциялашув жараёни, халқаро ташкилот ва тузилмалар фаолияти, Ўзбекистон – Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, халқаро сиёсат юзасидан суҳбатлашди.

– Президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар салмоғи жиҳатидан ўзаро муносабатларни янги сифат босқичига кўтарди, – деди Мария Захарова. – Бу ҳамкорлик ёш кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам фаол ривожланишига шубҳа йўқ.

Делегация аъзолари университет фаолияти, талабаларга ўқиш ва амалиёт учун яратилган шароитлар билан ҳам танишди.

3.JPG

7.JPG
9.JPG
20.JPG
15.JPG

 

Малоҳат Ҳусанова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА