Қардошлик оқшоми

Мамлакатимизда ўтаётган Қирғизистон Республикаси маданияти кунлари дўстлик, биродарлик, қардошлик, ҳамжиҳатлик байрамига айланиб кетди.

Мазкур тадбир доирасида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Қирғизистон санъати усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт ташкил этилди. Шу муносабат билан мазкур санъат кошонасига турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар, миллий маданий марказларининг вакиллари, мусиқа ихлосмандлари таклиф этилди.

Кўплаб тантаналар, премьералар, ижодий лойиҳа ва фестивалларга гувоҳ бўлган мазкур театр биносида шу куни қирғиз халқининг жўшқин куй-наволари, жозибали рақслари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

14.jpg

15.jpg
Халқларимизнинг азалий, адабий дўстлиги рамзига айланган бу каби тадбирлар маданий-маърифий мулоқотлар қамровининг янада кенгайиши ва мустаҳкамланишида, ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашинувида муҳим аҳамият касб этади. Кўтаринки, байрамона ва юксак савияда ўтказилаётган маданият кунлари доирасида қардош халқ рассом ва ҳунармандлари ижодига, номдор адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов ижодига бағишлаган кўргазма бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида қирғизистонлик ҳамкасблар билан бирга келгусидаги ижодий режалар белгилаб олинди. Алишер Навоий номидаги Кино саройида қўшни давлат кинематографлари томонидан ишланган фильм мухлисларга тақдим этилди. Бу каби маданий тадбирлар қадим ва навқирон Самарқанд шаҳрида ҳам бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

35.jpg

37.jpg
– Ижодий сафар кўтаринки руҳда ўтмоқда, – дейди Қирғизистон халқ артисти Саломат Содиқова. – Халқингизнинг маҳорати, истеъдоди, миришкорлиги таҳсинга лойиқ. Ўзбекистоннинг маданий-маънавий, илмий-ижодий мероси жаҳон миқёсида тан олинган ва юксак эътироф этилган. Юртингизда кечаётган шиддатли ўзгаришлар, ислоҳотларнинг шахдам одими ҳар қандай инсоннинг ҳавасини келтиради. Ҳар гал бу табаррук диёрга келиб буюк алломалар, Соҳибқирон Амир Темур мангу қўним топган зиёратгоҳларга борганимда руҳимда енгиллик, улкан маънавий қувват пайдо бўлади. Дўстлигимиз абадий бўлишини доим Яратгандан сўрайман.

– Маданият кунлари асносида ўзбек халқининг бой мероси билан ҳам танишишга муваффақ бўлдик, – дейди «Қамбарқан» ансамбли созандаси Қурманжон Акматова. – Тошкентдаги бир қатор зиёратгоҳлар, тарихий масканларга саёҳат қилдик. Музейларга бордик. Санъат соҳаси вакиллари билан ижодий мулоқотда бўлдик. Бундай тадбирлар тафаккуримизни янада бойитишда ғоят муҳимдир.

Концертда қирғиз санъат усталари репертуаридаги энг сара куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.

 

Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА