ФУТБОЛ: “Насаф” “ўзига келяпти”, “Локомотив” эса ўрнини ҳеч кимга бермоқчи эмас

Узоқ йиллардан бери кучлилар сафида юрган, совринлар соҳиби бўлган, лекин бу мавсумда ўртамиёналар орасида “жон сақлаётган” “Насаф” сал бўлмаса бош мураббийсиз қоларди.
Мамлакат миллий чемпионати Пепси суперлигасининг 25-тури доирасидаги учта ўйини ўтказилди. Кучли олтиликдан жой олган “Бухоро” ва “Локомотив” жамоалари ўртасидаги учрашувда мезбонлар ҳарчанд уринишмасин, амалдаги чемпион қаршилигига дош бера олмади. Учрашув бошидаёқ кетма-кет киритилган иккита гол майдон эгаларини саросимага солиб қўйди. Бундан фойдаланган пойтахтликлар ўйин темпини охиригача ушлай олди. Орада мезбонлар ҳисобни қисқартиришга ҳам эришди, лекин бундан ортиғига уларнинг кучлари етмади. Ҳисобни очиб берган Темирхўжа Абдухолиқов ўйин якунларида яна бир голга муаллифлик қилиб, жамоадошларини ишончли ғалаба билан таъминлади.
32cf185b-18df-4ef6-955c-a15ffaf49fe3.jpg
Қуйи олтиликдаги иккита ўйин ҳам қизиқарли кечди. “Сўғдиёна” ўз майдонида “Нефтчи”га имкон қолдирмади. Жамоанинг литвалик легионери, клубга иккинчи даврада Исроилнинг “Хапоэл” жамоасидан келиб қўшилган 34 ёшли Сернас Дарвидас учрашув бошидаёқ рақиб дарвозаси ёнида бир-икки хавфли вазиятлар содир этди, кўп ўтмай навбатдаги имкониятдан фойдалана олди ва ўзининг Ўзбекистондаги илк голини киритди. Навбатдаги голларга эса Шоҳруз Норхонов ва Ойбек Нурматов муаллифлик қилишди. Шу тариқа жиззахликлар аутсайдерлик “лавозимини” “Нефтчи”га “топшириб”, бир поғона юқорига кўтарилишга эришди.
e74a36e1-9c2c-458a-962f-32483a79c7c4.jpg
“Насаф” кучлилар қаторига “сиғмай” қолгани етмагандек, қуйи жамоалар орасида ҳам “ором” ололмаётганди. Аввалига Қўқонда очко йўқотди, кейин Фарғонада ютқазиб қўя қолди. Бу каби салбий натижалар номдор жамоа мухлисларини ранжитаётганлиги, уларнинг сафини кескин камайтириб юборишга сабаб бўлаётганлиги бор гап эди. Гап-сўзларга қараганда, жамоа мабодо бугун ўз майдонида рақибига яна очко бой берадиган бўлса бош мураббий Рўзиқул Бердиев тақдири ҳал бўлиши кутилаётганди. Аммо устоз каби шогирдлар ҳам бунга йўл қўйишмади. “Ўртамиёналар” карвонбошисига қарши кечган ўйинда Бобур Абдухолиқов ўзини кўрсатди – икки бор рақиблар дарвозасини нишонга олиб, жамоадошлари жонига оро кирди. Орада жамоанинг бир пайтлардаги юлдузи Артур Геворкян собиқ жамоадошларининг уч голига бир голи билан жавоб қайтарди ҳам, лекин ортиғига вақт ҳам, куч ҳам етмади. Шу тариқа “Насаф” турнир жадвалида иккинчи поғонага кўтарилиб, “Қизилқум”га яқинлашиб олди. Бироқ уларнинг бугунги жойи ҳам “омонат”, сабаби бугун АГМК жамоаси Қўқонда ўйнайди, мабодо ғалаба қозонадиган бўлса яна ўз жойига чиқиб олади, “Насаф” эса яна пасаяди…
25-тур. 2 октябрь.
Юқори олтилик
 
“БУХОРО” – “ЛОКОМОТИВ” – 1:3
Голлар: Темурхўжа Абдухолиқов (8, 68), Санжар Шоаҳмедов (19) – Саламат Қутибоев (39).
Қуйи олтилик
 
“НАСАФ“ – “ҚИЗИЛҚУМ“ – 4:2
Голлар: Мақсуд Каримов (29), Бобир Абдихолиқов (35, 80), Бобур Давлатов (54) – Артур Геворкян (60), Ҳумоюн Абдуалимов (90).
“СЎҒДИЁНА“ – “НЕФТЧИ“ – 3:0
Голлар: Сернас Дарвидас (29), Шоҳруз Норхонов (55), Ойбек Нурматов (89).
Бугун бўлиб ўтадиган ўйинлар:
 
18:00 “Қўқон-1912“ – АГМК
18:00 “Металлург“ – “Пахтакор”
20:00 “Бунёдкор“ – “Навбаҳор”

 

Ойбек Юнусов, ЎзА