Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ташаббуси билан бир гуруҳ ижодкорлар буюк ва бепоён Устюрт платоси бўйлаб шу йилнинг 22-23 сентябрь кунлари медиатур ташкил қилмоқда.
Ижодий гуруҳ таркиби журналист, шоир, археолог, режиссёр, моҳир фотограф ва операторлардан ташкил топган.
Медиатурни ташкил қилишдан асосий мақсад – Устюртда сақланиб қолинган қатор ноёб ва кам тадқиқ қилинган археологик обидалар ҳақида кенг оммани хабардор қилиш ҳамда шунинг ҳисобидан нуфузли халқаро медиаташкилотларнинг, мутахассисларнинг эътиборини жалб қилиш ва ҳудудда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш.
Маълумки, Устюрт дунёдаги энг кам тадқиқ қилинган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ҳудуддаги кўпчилик тарихий-археологик обидалар ҳанузгача сирини тўлалигича ошгани йўқ.
Ижодкорлар асосан учта объектда журналистик материаллар тайёрлайди: 1) Устюртдаги найзасимон объектлар; 2) Ўрта асрларнинг ажойиб архитектура эсдалиги – Белеули карвон саройи; 3) Барсакелмес шўр кўли (туз кони).
Устюртдаги найзасимон объектлар
Устюртдаги ғаройиб найзасимон белгилар илк маротаба 1980 йиллари аэрофотосъемкаларни таҳлил ва дешифровка қилиш пайтида аниқланган. Ушбу ноёб топилма бундан аввал ҳеч бир археологик амалиётда қайд қилинмаган.
Бу белгини оддий кўз билан ёки автомобильда ўтаётиб пайқаб бўлмайди. Чунки жуда катта ҳажмдаги объектни одом бўйилик баландликдан кўришнинг имкони йўқ, сиз оёқ остингизда ноёб эсдалик ётганлигини билмай юз марта ўтиб кетишингиз мумкин.
Ижодкорлар ушбу ноёб эсдаликни замонавий дрон ускунаси билан тасвирга олишни режалаштирган.
Маълумот тариқасида таъкидлаб ўтиш жоиз, Устюртда бу каби найзасимон объектлар сони бирнеча бўлиб, улар Устюрт бўйлаб Туркманистон ва Қозоғистонгача занжир бўлиб ёйилиб кетган.
Устюртдаги найзасимон белгиларнинг айримлари 2500 йиллик тарихга эга. Қорақалпоғистонлик марҳум археолог В.Ягодин илк бор ушбу археологик топилма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борди ва оламшумул янгиликни эълон қилди: Узунлиги 600-900 м., эни 400-600 м., теранлиги 3 метргача қозилган мазкур қурилма ёввойи ҳайвонларни овлаш учун кўчманчи халқларнинг ўйлаб топган усули экан. Буни халқимиз «аран» деб атаган. «Аран» эски туркий сўз бўлиб, ов учун қурилган тузоқ маъносини англатади. Ушбу сўзни қорақалпоқ мумтоз шоири Бердақнинг «Чўлларда кезар жайрони, Жайронга қурган арани» деган шеър қаторидан ҳам кўришимиз мумкин. Қорақалпоқларда кенг тарқалган Аранши (Кенегес) уруғининг келиб чиқиши ҳам ушбу жараёнга боғлиқ.
Белеули карвон саройи – Ўрта асрларнинг ажойиб архитектура эсдалиги
Фото: Эсдаликнинг ҳозирги ҳолати
Устюрт платосидаги Жаслык темир йўл станциясидан 67 км шимолда, бепоён кенгликда асрлар довони оша ёлғизликда яшаб келаётган Белеули карвон саройи эски Буюк Ипак йўлининг бўйида жойлашган. Ўз даврида ушбу иншоот қанчадан-қанча савдогарларга, сайёҳларга хизмат кўрсатган.
Ушбу жойдан ўтган карвонлар Хоразмдан Қуйи Волгабўйи ва Жанубий-ғарбий Европа давлатларига товарлар ташиган.
Белеули археологик мажмуаси 1946 йилдан бошлаб бирнеча бор тадқиқ қилинган. Карвон саройнинг ёнида қудуқлар, ичимлик сув сақлайдиган сардобалар бор.
Фото: Эсдаликнинг 70 йиллардаги ҳолати
Карвон-саройни чиғаноқтошли тикбурчакли плиталардан қурилган. Кирар дарвозанинг тепасида ўтган асрнинг 80 йилларигача йўлборис билан шернинг сурати бўлган. Афсуски, ҳозирда ушбу обиданинг кўпчилик жойлари парчаланган, тепасидаги арка қулаган. Лекин шунга қарамай бутун дунёдан сайёҳлар бу ерга ташриф буюришмоқда.
Барсакелмес шўр кўли (туз кони)
Қорақалпоғистонда хорижий сайёҳларнинг эътиборини қозониб келаётган жойларнинг бири – Барсакелмес шўр кўлидир.
Барса Кельмес чуқурлиги – Ер юзидан 30 млн йил аввал йўқ бўлиб кетган Тэтис денгизининг қолдиғидир. Тэтис денгизининг қуриши билан Қизилқум, Қорақум ва Устюрт платоси вужудга келган.
Ушбу жойда узунлиги 70-80 кмгача чўзилган туз конини кўриш мумкин.
Медиатур якуни билан ушбу объектлар бўйича батафсил қизиқарли маълумотлар оммавий ахборот воситалари ва Интернет ресурсларида ёритилиб борилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги