Шу кунларда мамлакатимизда мусулмон дунёсининг энг нуфузли молия муассасаларидан бири – Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажар бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди.

Сафар доирасида мазкур делегация аъзолари Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ташриф буюрди. Меҳмонлар дастлаб академия таркибидаги Манбалар хазинасини кўздан кечирди. Бу ерда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарлар Ислом тараққиёт банки делегациясида катта қизиқиш уйғотди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларни замон руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйиш, ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш, ёш авлодни заминимиздан етишиб чиққан улуғ алломаларнинг бой ва бетакрор меросидан баҳраманд этиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда “Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этишга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир доирасида Ислом тараққиёт банки делегациясининг ушбу академия талабалари, магистрант, профессор-ўқитувчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. Хорижлик меҳмонлар Ислом тараққиёт банки, унинг фаолияти хусусида атрофлича маълумот берди. Таъкидлаш жоизки, Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон билан мустаҳкам алоқаларни ривожлантириб келмоқда. Ислом тараққиёт банкига мамлакатимиз 2003 йилда аъзо бўлган. Шундан буён Ўзбекистон билан банк ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бормоқда. Айниқса, томонлар ижтимоий ва иқтисодий йўналтирилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик қилаётир. Бу лойиҳалар қурилиш, ирригация, энергетика, коммунал хўжалик, тиббиёт, таълим каби соҳаларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, мутахассислар алоқаларни янада тараққий эттириш, янги босқичга кўтариш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этмоқда.

– Ўзбекистонда инсон омилига, ёшлар таълим-тарбиясига устувор аҳамият қаратилаётгани диққатга сазовор, – дейди Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажар. – Бу диёр жаҳон илм-фанига, маърифати ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар, улуғ алломалар ватани. Ёшлар ўз бобокалонларига, шу табаррук юртга муносиб инсон бўлиб улғайиши керак.

Делегация аъзолари Тошкент вилоятида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар билан танишди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва бошқа муассасалар, тегишли вазирлик ва идораларда бўлдилар. Бу ташриф Ўзбекистон Республикаси билан Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва янги босқичга кўтаришга хизмат қилишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Н.Усмонова, ЎзА