Босма нашрларнинг аҳволи қандай?

Бугунги кунда Наманган вилоятида 44 номда газета ва 6 номда журнал чоп этилмоқда. Хўш, уларнинг иқтисодий аҳволи қандай? Газета-журналлар адади ва ўқишлилигини ошириш учун нима қилиш керак?

Наманганда ҳудудий босма нашрларнинг ҳолатини яхшилаш масалаларига бағишлаб ўтказилган семинар-тренингда шулар ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятда фаолият юритаётган босма нашрлар муҳаррирлари ва мутахассислар иштирок этди.

3 (3).jpg

– Аччиқ ҳақиқат шуки, вилоятдаги босма нашрларнинг иқтисодий аҳволи, чоп этилиш адади қониқарли эмас, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бўлим бошлиғи Р.Ирисов. – Масалан, энг кўп ададда чоп этилаётган газета вилоят халқ таълими бошқармаси муассислигидаги “Болалар дунёси” 20 минг, маҳаллий ҳокимликлардан Поп тумани ҳокимлигининг “Поп тонги” газетаси 6 минг нусхада чоп этилмоқда. Айни пайтда вилоят хотин-қизлар қўмитасининг нашри 700, Наманган тумани ҳокимлигининг нашри “Истиқлол” газетаси 1200 нусхада чоп этилаётгани ачинарли албатта. Бу таҳририятлар фаолиятида туб ислоҳотлар зарурлигини кўрсатадиган рақамлардир.

Семинарда ҳудудий нашрларнинг бугунги ҳолати, менежмент ва маркетинг йўналишларидаги муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар, ОАВ томонидан йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан мониторинг натижалари, ҳудудий нашрларда ахборот тайёрлаш – контент масаласи, журналист текшируви олиб бориш босқичлари ва тамойиллари, ислоҳотлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналистнинг роли ва касб этикаси тамойили каби мавзуларда маърузалар тингланди.

 

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА