ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Люксембург. Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозилов (қароргоҳи Брюссель шаҳрида) Люксембург Валиаҳд Буюк Герцоги Гийом (Вильгельм)га ишонч ёрлиқларини топширди.

Маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбатда Валиаҳд Буюк Герцог Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. Мулоқот чоғида, шунингдек, икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Япония. Токиодаги элчимиз Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Канагава префектураси губернатори Южи Куроива билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида Канагава префектураси билан мамлакатимиз ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳиндистон. Деҳлидаги элчимиз Сардор Рустамбоев Мумбай шаҳрида Маҳараштра штати губернатори Чандрапурам Радҳакришнан билан учрашиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кенг қамровли, жумладан, ҳудудлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, Маҳараштра штати билан иқтисодиёт, савдо-саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, тиббиёт, илм-фан ва таълим ҳамда бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича атрофлича фикр алмашди.

Дипломат шунингдек, Ҳиндистоннинг йирик заргарлик корхоналаридан бири ҳисобланадиган “Gold Star Jewellery” компанияси директори Ашиш Шоҳ билан Ўзбекистон ва мазкур компания ўртасида заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласини ҳам муҳокама қилди.

Венгрия. Яқинда Будапештдаги элчимиз Ойбек Шахавдинов Венгрия Бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича бош маслаҳатчиси идорасининг стратегик масалалар бўйича директори Мартон Шёберл, халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Дюла Сомоджи ва стратегик масалалар бўйича маслаҳатчиси Питер Вагнер билан музокаралар ўтказди.

Учрашув давомида асосий эътибор хавфсизлик соҳасидаги икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилди. Томонлар миллий ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича қўшма ишларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. 

ЎзА