Юртимизда “яшил” энергия манбалари технологияларини жорий этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, дунёнинг “Masdar” ва «ACWA Power» каби етакчи хорижий компаниялари иштирокида қуёш панеллари ва шамол генераторлари станцияларини ишга тушириш бўйича лойиҳалар татбиқ этиляпти.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Жамолов ва “Masdar” компанияси вакили Бекзод Тешабоев ўртасида ўтказилган учрашувда бу ҳақда сўз борди.

Учрашув давомида республикада шамол ва қуёш электр станциялари, шунингдек, энергия сақлаш тизимлари қурилиши учун маҳаллий электротехника саноати корхоналари томонидан маҳсулотлар етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, хорижий компания лойиҳаларини амалга оширишда маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбари томонидан 2030 йилга қадар “яшил” электр станцияларининг умумий қувватини 27 ГВтга етказиш вазифаси белгиланган. Шу билан бирга, “яшил” энергетика лойиҳалари учун 500 миллион долларлик кабель-сим маҳсулотларига эҳтиёж борлиги қайд этилмоқда.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси мазкур вазифалардан келиб чиқиб, “Masdar”, «ACWA Power» ва бошқа йирик компаниялар билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга аҳамият қаратмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг экологик тоза энергия манбаларига бўлган эҳтиёжини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашув якунида томонлар кўриб чиқилган масалалар юзасидан ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА