Экологик барқарорликни таъминлашда давлат ва жамоат органлари, кенг жамоатчилик вакиллари биргаликда фаол иш олиб бормоқда.

Соҳада фаолият юритаётганларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвони таъсис этилади. Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида кўриб чиқилди.

Мазкур фахрий унвон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш, табиатни асраб-авайлаш, биохилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасида салмоқли натижаларга эришган фуқароларга берилиши мақсад қилинган.

Экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлодни табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда тизимда юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида фидокорона меҳнат қилаётган мутахассис-ходимлар ва соҳа вакиллари, экофаолларга ҳам ушбу мукофот берилиши кўзда тутилган.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Қонун билан Фуқаролик ва Уй-жой кодексларига, “Рақобат тўғрисида” ва “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунларга қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилинганидан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклашга қаратилган ҳуқуқий нормалар белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига коммунал хизматлар кўрсатиш мажбурий тўловлар уч ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда тўхтатиб турилишидан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ҳамда олиб чиқиш хизматлари мустасно эканлиги назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қўмита томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун ўқув семинари ўтказилди.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳада янги иш ўринларини яратиш, атроф-муҳитни асраш, юзага келаётган муаммолар ва уларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифалар белгилаб олинди.

Семинарда доимий комиссия аъзолари муҳокама этилган масалалар бўйича ўз фикрлари ва таклифларини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА