Мамлакатимизда бунёдкорлик ишларининг кўлами кенгаймоқда.

Хоразм вилоятида ҳам қурилиш соҳаси жадал ривожланмоқда. Сўнгги йилларда барча лойиҳаларда энергия тежамкорлик талаби қўйилмоқда. Шу боис базальт хомашёсига талаб ошиб бораётир. Таҳлилларга кўра, вилоятда бундай маҳсулотдан тайёрланган плиталарга йиллик талаб тахминан 8 минг тоннани ташкил этади.

Урганч шаҳридаги саноат зонасида жойлашган, лойиҳа қиймати 41 миллион евро бўлган корхонада йилига 30 минг тонна базальт минерал плиталари ишлаб чиқарилади. 300 нафар ходим иш билан таъминланиб, йилига 10 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги маҳсулот экспортга йўналтирилади. Хомашё Қорақалпоғистон Республикасининг Қоратау тоғидан олиб келинади.

Базальт толали плиталар бино ичида мўътадил ҳароратни ҳосил қилиши, ташқи таъсирларга ва ёнғинга чидамлилиги, экологик тоза маҳсулотлиги билан қатор афзалликларга эга. Шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг “Қурилиш иссиқлик техникаси” талабларига мувофиқ, бино деворларига материалларни унинг ташқарисидан жойлаштириш керак. Бунда самарали базальт плиталаридан фойдаланиш талаб этилади.

– 2021 йилда лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган бўлса, 2024 йилнинг февраль ойи охирида Президентимиз ташрифидан сўнг корхонани ишга туширдик, – дейди “KHOREZM INSULATION GROUP” THERMO PLUS корхонаси раҳбари Фаррух Муртозаев.– Корхонамизда ишловчилар учун барча шароит яратилган. Ишчи-хизматчилар иссиқ овқат, махсус кийим ва транспорт билан таъминланган. Бугунги кунда товарларимизни ички бозирдан ташқари, Россия, Беларусь, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Европа давлатларига экпорт қилмоқдамиз.

Мутахасислар фикрига кўра, корхонанинг айнан Хоразм вилоятида ташкил этилишининг асосий сабаби маҳаллий аҳолига бўш иш ўрни яратиш ва вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини оширишдир. Шунингдек, ишлаб чиқариш учун базальт хомашёси Қорақалпоғистон Республикасининг Қоратау тоғидан олиниши бунга қўшимча қулайлик яратади.

Германия, Туркия ва Россия давлатларидан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган корхонада ҳозир маҳаллий аҳоли учун 300 та янги иш ўрни яратилган. Ходимлар малакасини ошириш учун чет эллик мутахассислар томонидан ўқув тренинглари ҳам ташкил этилган.

Базальт плиталари ўзига хос техник хусусиятга эга бўлиб, аналогик маҳсулотлардан тубдан фарқ қилади. Асосий афзалликлари бу унинг юқори иссиқликни сақлаши ва узоқ йиллар давомида таркиби ҳамда хусусиятини йўқотмаслигидир. Шунингдек, базальт плиталари намликка чидамли, товуш ютиш ҳусусиятига эга бўлиб, ўтда ёнмайди ва ўт ўтказмайди.

– Базальт плитаси бинони қишда совуқдан, ёзда иссиқдан термоизолация қилади. Биз объектнинг хусусиятидан келиб чиқиб 100 ва 150 миллиметр қалинликдаги плиталардан фойдаланмоқдамиз. Базальт плитаси бошқа қопламалардан қимматроқ бўлиши мумкин. Лекин бир неча ўн йиллар давомида ушбу бинодан фойдаланувчиларга энергия тежамкорликда фойда келтиради.

Сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб барча соҳаларда электр энергиясини тежаш вазифаси илгари сурилмоқда. Шу боис базальт маҳсулотларига талаб кундан кунга ортиб бормоқда. Муҳими, маҳсулотга ички ва ташқи бозорда талаб катта.

Таҳлилларга кўра, ҳозирги вақтда мамлакатимизда базальт иссиқлик изоляцияси ишлаб чиқариш қуввати 170 минг тоннани ташкил этаётган бўлса, яқин келажакда ушбу кўрсатгич яна 100 минг тоннага ортиши ва қарийб 300 минг тоннага етиши кутилмоқда. Айни кунларда корхонада маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш, маҳаллийлаштириш даражасини оширишга эътибор қаратилмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари