“Юксалиш” ҳаракатининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси амалдаги қонунлар ҳамда ҳаракатнинг Устав ва Низомида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ўтган 2024 йилда бир қанча ишларни амалга оширди.
Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасини мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган 7 та жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди. Ушбу тадбирларда иштирокчилар томонидан 30 та, фаол фуқаролар томонидан 52 та таклиф билдирилди. Жами 82 та таклиф ҳудудий бўлинма томонидан jamoatchilik.uz платформасига киритилди.
– Ушбу давр мобайнида жамоатчилик гуруҳи аъзолари билан ҳамкорликда Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назорати тадбирлари, яъни жамоатчилик мониторинги ўтказилиб борилди, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Тажибай Романов. – Ҳудудий бўлинма ташаббуси билан Давлат дастурлари, Президент фармонлари, ҳамда қарорлари, ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан жами 23 маротаба жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Ушбу тадбирларда уй-жой қуриш, уларнинг сейсмик ҳолати, ижтимоий объектлар, жумладан, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ҳамда маданият муассасаларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилиши ўрганилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида икки маротаба “Бир миллион дарахт” акцияси ўтказилди. Мазкур акциялар доирасида 100 дона манзарали кўчат экилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими билан ҳамкорликда “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акциялари ўтказилди. Тадбирда иштирокчиларга оила ҳуқуқи, мулкий ва номулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, нотариал ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, никоҳ, ҳадя, ижара ва мол-мулк олди-сотди шартномалари ҳамда мерос васиятномалари ва бошқа турли муаммоли масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, бепул юридик ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари, сентябрь ва декабрь ойларида “Биз донормиз” акцияси ўтказилди. Мазкур акцияда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, олий таълим муассасалари, маҳалла еттилиги ва фаол фуқаролар иштирок этди.
– Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йил давомида мунтазам равишда турли мавзуларда давра суҳбати, очиқ мулоқот ва учрашувлар ўтказилди. Жумладан, уларда мамлакатимизда давлат ва ижтимоий қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот бериш, қарорлар қабул қилиш жараёнларига аҳолини фаол жалб қилиш бўйича уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг ижодий ва иқтисодий салоҳиятини ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди. Ушбу тадбирларда билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, давлат дастури лойиҳасига киритилиб борилди, – дейди ҳудудий бўлинмаси раҳбари Тажибай Романов. – Шунингдек, ҳудудий бўлинма томонидан жорий “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олингани иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бунда асосий эътибор мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши юзасидан аҳолини хабардор қилиш, жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этишга қаратилди.
Давлат ва миллий дастурларнинг бажарилиши юзасидан мониторинглар ва эшитувлар ташкил этиш, аҳолини бугунги кунда қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш сингари устувор вазифаларни амалга оширишни мақсад қилган “Юксалиш” ҳаракати жорий йилда ҳам ижобий натижаларга эришади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири