Халқаро дзюдо федерациясининг (IJF) жорий йилги мусобақалар тақвимидан ўрин олган “Tashkent Grand Slam-2025” мусобақаси 28 февраль-2 март кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтади. “Катта дубулға” туркумидаги ушбу турнирда 5 қитъадан келадиган дзюдо юлдузлари мусобақа медаллари учун татамига чиқади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон дзюдо федерациясида мусобақа ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Tashkent Grand Slam-2025” турнирига кўрилаётган тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда IJF етакчи мутахассиси Абдулла Муродов ҳам иштирок этди. Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош котиби Азиз Собиров, федерация раиси маслаҳатчиси Ксения Гулямова ва бошқа масъуллар тайёргарлик юзасидан ахборот берди.

Шунингдек, дзюдочилар, реферилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, мухлислар учун яратиладиган шароитларга эътибор қаратиш зарурлиги айтилди. Юртимизга келаётган ҳар бир меҳмонни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, транспорт билан таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида: 2024 йилги “Tashkent Grand Slam” турнирида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида Франция ва Япониядан кейин 3-ўринни эгаллаган эди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА