Давлат чегараларини расмийлаштиришни жадаллаштириш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Марказий Осиёдаги яқин қўшнилар билан ҳамкорликни ривожлантиришни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб берди. Бу қўшни мамлакатлар билан давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича музокаралар жараёнини фаоллаштиришга қаратилган муҳим қадам эди.
Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги фармони билан ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикасининг асосий хорижий шериклар билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тасдиқланди. Унга кўра Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш жараёнини узил-кесил ниҳоясига етказиш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этилган.
Чегарани ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиришни ҳал этиш масаласини жадаллаштириш Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида ҳам ўз аксини топган.
Маълумки, минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан умумий чегарага эга. Унинг узунлиги 7000 километрдан зиёд, жумладан, Қозоғистон билан – 2356,31, Қирғизистон билан – 1476,12, Тожикистон билан – 1296,9, Туркманистон билан – 1831,49, Афғонистон билан – 143 километрни ташкил этади.
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлиги фаоллашиши баробарида, Марказий Осиё мамлакатлари билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича музокаралар жараёни мунтазамлик касб этди. 2016 йил август ойидан 2018 йил август ойига қадар Ўзбекистон ҳукумати делегацияси қўшни мамлакатлар ҳукумат делегациялари билан жами 65, жумладан, Қозоғистон билан 18, Қирғизистон билан 28, Тожикистон билан 9, Туркманистон билан 9, Афғонистон билан 1 учрашув ўтказди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 сентябрдаги Қирғизистон Республикасига, 2018 йил 9 мартдаги Тожикистон Республикасига давлат ташрифлари давомида ўзбек-қирғиз давлат чегараси ҳақидаги шартноманинг келишилган қисми ва Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг айрим участкалари ҳақидаги шартнома имзоланиши чегарани делимитация ва демаркация қилиш, чегараолди муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этди.
Пировардида, Ўзбекистон Президентининг очиқ ва прагматик сиёсати туфайли Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги давлат чегараларининг туташув нуқтасини белгилаб олиш масаласида англашувга эришилди. 2017 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё бўйича юксак даражадаги Халқаро конференция доирасида бу борада тегишли шартнома имзоланди.
Қозоғистон билан давлат чегарасини делимитация қилиш ниҳоясига етиб, айни пайтда бу ҳақидаги шартнома учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш бўйича музокаралар ўтказилмоқда.
Туркманистон билан Давлат чегараси ҳақидаги шартнома 2000 йил сентябрь ойида Ашхободда имзоланиб, унда 10 та участка бўйича ишларни давом эттиришга келишилган эди. 2017 йил март ойида мамлакатимиз Президентининг Туркманистонга давлат ташрифи чоғида Ашхободда эришилган юксак даражадаги келишувга мувофиқ, узоқ йиллик танаффусдан сўнг чегара масалалари бўйича ишчи гуруҳлар музокаралари тикланди.
2018 йил февраль ойида Афғонистон расмийлари билан бўлган учрашувда Амударё соҳиллари бўйлаб чегара чизиғини мустаҳкамлаш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегаралари масаласини тартибга солиш нафақат минтақа ва МДҲ мамлакатлари, балки бутун дунёда ижобий эътирофга сазовор бўлди. Хорижий экспертларнинг бу ҳақдаги фикрлари эътиборга лойиқ.
Британиялик сиёсатшунос Сайпир Фурстенберг: «Ҳукумат тепасига келганига кўп бўлмаган бўлса-да, Шавкат Мирзиёевнинг эзгу ишлари нафақат сўзда, балки амалда ҳам ўз исботини топмоқда. Унинг Нью-Йоркка ташрифи Ўзбекистон раҳбарининг БМТга сўнгги 15 йилдаги илк ташрифи бўлди. Шу йўсинда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг кўп йиллар давом этган ўз-ўзини яккалатиш жараёнига нуқта қўйди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган мамлакат келажагига оид кўплаб ғоялар ҳаётга татбиқ этила бошлади. Хусусан, Қирғизистон билан чегарани делимитация қилиш ҳақидаги шартноманинг тузилиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан шериклик муносабатларини тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг амалий натижаси бўлди. Ушбу муаммо икки томонлама муносабатларни йўлга қўйишда тўсиқ бўлиб келаётган эди».
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Эллис Уэллс: «Бугунги кундаги энг муҳим янгиликлардан бири шуки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Натижада Марказий Осиё давлатларининг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилиш имкониятлари кенгаймоқда. Шавкат Мирзиёев давлатни ташқи дунёга очмоқда, қўшниларга дўстлик қўлини узатмоқда, чегараларга оид масалаларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда».
МДҲ давлатлари институтининг Марказий Осиё бўлими мудири Андрей Грозин: «Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё сиёсат майдонида пайдо бўлиши қўшни мамлакатлар муносабатларига ижобий таъсир кўрсатди. Ўзбекистонда раҳбарият ўзгаргандан сўнг Марказий Осиёда давлатлараро муносабатлар тизими шаклланмоқда. Ўтган йил мобайнида Тошкент турли йўналишларда юксак даражадаги фаолликни намойиш қилди. Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи ва чегараларни қисман делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги келишувнинг имзоланиши бунга ёрқин мисолдир».
Нашриётнинг америкалик колумнисти ва «Corsair LLC» консалтинг компанияси бошқарувчи директори Джеймс Дурсо «Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарани делимитация қилиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Тошкент ҳатто Норин дарёсида ГЭС қурилишида ёрдам беришга рози бўлди. Фарғона водийсида назорат-ўтказиш пунктлари ишининг тикланиши ва аҳолининг икки мамлакат ўртасида борди-келдиларини енгиллаштириш Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифининг муҳим натижаларидан бири бўлди», деб ёзади.
Хорижий сиёсатшунос ва экспертларнинг бундай изоҳларини кўплаб келтириш мумкин. Улар Президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшнилик ва дўстликка асосланган очиқ сиёсати Ўзбекистон раҳбари муроса қилиш ва йиллар давомида тўпланиб, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантириш йўлида ғов бўлиб келаётган энг мураккаб масалаларга ечим топиш қобилиятига эга эканидан далолат бермоқда, деган якдил фикрда.
Дарҳақиқат, Қирғизистон ва Тожикистон билан имзоланган чегара ҳақидаги шартномалар мамлакатимиз учун замонавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, чегараолди ҳудудида савдо, товар айланиши ҳажмини ошириш йўлида кенг имкониятларни очиб берди ва энг асосийси, тарихий илдизи туташ, қон-қариндош халқлар борди-келдиси учун қулай шароитлар яратди.
Қирғизистон билан чегара пунктларидаги чекловларни олиб ташлаш, Тожикистон билан чегара постларининг тўлақонли фаолият юритиши бўйича эришилган келишувлар туфайли ҳар куни ўзбек-қирғиз чегарасидан ўтувчи фуқаролар сони 30 мингтани, ўзбек-тожик чегарасидан ўтувчилар эса 20 мингтани ташкил этмоқда.
Қўшни давлатларга хизмат сафари чоғида биз ушбу мамлакатларнинг расмий шахслари ва оддий фуқаролари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга қўшниларга нисбатан очиқлик ва хайрихоҳлик сиёсати учун самимий миннатдорлик билдираётганининг гувоҳи бўламиз. Қирғизистон ва Тожикистонннинг чегараолди ҳудудлари аҳолиси давлатимиз раҳбарига алоҳида миннатдорлик изҳор этмоқда, чунки бу ердаги кўплаб фуқаролар чегараолди ҳудудидаги аҳоли пунткларида истиқомат қилувчи ўзбек оилалари билан яқин қариндошлик алоқаларига эга.
Мамлакатимизнинг қўшнилар билан чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини тартибга солишнинг аҳамияти ва заруратини янада чуқурроқ англаш учун уларни ҳал этиш тарихига назар солиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Марказий Осиё давлатлари билан музокаралар жараёни 2000 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини белгилаш ва жиҳозлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бошланган.
Ушбу жараён 2000 йил сентябрда Ашхободда Туркманистон билан юқорида қайд этилган чегара тўғрисидаги келишув имзоланишига қадар давом этди. 2002 йил 5 октябрда Душанбеда ўзбек-тожик чегарасининг келишилган қисми тўғрисидаги келишув имзоланди.
Қўшни мамлакатлар билан чегараларни қатъий тартибга солиш бўйича 15 йилдан буён давом этаётган музокаралар натижа бермагани ҳеч кимга сир эмас. Натижада барча боши берк кўчага кириб қолди.
Тўғри ёндашилганда оқилона ечим топиш мумкин бўлган масалалар бўйича олиб борилган кўп йиллик баҳс-мунозаралар ва ҳаттоки қарама-қаршиликлар кўпинча келишмовчиликлар ва ҳатто чегарада тўқнашувлар содир бўлишига ҳам олиб келди.
Афсуски, бунинг натижасида чегараларни делимитация қилиш жараёни кечикибгина қолмай, Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўлида сунъий тўсиқлар пайдо қилди ва бундан асосан оддий фуқаролар, айниқса, чегара ёнидаги аҳоли азият чекди.
Ўзбекистоннинг қўшни республикалар билан муносабатларида юзага келган ҳолат икки томонлама ҳамкорлик бўйича йўналишларни қайта кўриб чиқиш ва чегараларни делимитация қилиш масалаларини ҳал этиш ёндашувларини ўзгартириш, чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини йўлга қўйишни қатъий талаб этарди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, чегараларни учта асосий тамойил асосида делимитация ва демаркация қилиш бўйича қўшни мамлакатлар билан музокаралар ўтказишга қарор қилинди. Биринчиси – ўзаро манфаатларни қатъий ҳисобга олиш, иккинчиси – чуқур ўйланган оқилона муроса, учинчиси – ер участкалари билан тенг алмашинув. Барча томонлар мазкур тамойилларга риоя қилмасдан туриб, чегараларни тартибга солишнинг имкони йўқ, деган фикрга келишди, чунки барча Марказий Осиё мамлакатларига аввалги тизимдан мазкур муаммо бўйича чалкашлик мерос бўлиб қолган эди.
Музокаралар ва ҳамкорликда дала тадқиқотларини олиб бориш, архив ҳужжатлари, картографик материалларни ўрганиш якуни бўйича қўшни мамлакатлар билан давлат чегара чизиқларини мураккаблаштирган муаммолар аниқланди.
Биринчи ва энг асосий муаммо – Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакатлари билан давлат чегараларини делимитация қилиш бўйича ҳуқуқий асоснинг йўқлигидадир.
Иккинчи муаммо – 1924-1927 йиллар – Ўрта Осиё республикаларини чегаралаш даврида ва 1930 йил ва ундан кейинги даврда қабул қилинган ҳужжатлар бўйича келишмовчиликлар.
Учинчи муаммо – хариталарда белгиланган чегара чизиқларининг амалда фойдаланилаётган ерлар, ирригация тармоқлари, кўплаб инфратузилма объектлари, уй хўжаликлари ва қабристонлар жойлашуви билан мос келмаслиги.
Баъзан оммавий ахборот воситаларида ерлар алмашинуви, чекка ҳудудлар ва анклавлар бўйлаб чегара чизиқларини белгилаш масалалари бўйича унчалик аниқ бўлмаган маълумотлар тарқатилмоқда. Шу боис, нотўғри талқиндан қочиш мақсадида ушбу масалалар бўйича чегараларни ҳуқуқий расмийлаштириш жараёнлари якунига қадар тахминий хулоса чиқаришга шошмаслик мақсадга мувофиқ бўларди.
Чегараларни ҳуқуқий расмийлаштириш томонлар комиссияларининг икки босқичда олиб борадиган музокаралари орқали амалга оширилади. Биринчи босқич – бу делимитация, яъни хариталарда чегараларни белгилаш. Иккинчи босқич – демаркация, яъни устунлар ўрнатиш ва турли қурилиш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган жисмоний ишлардир.
Ишчи гуруҳлар музокаралари якуни бўйича имзоланадиган қарорлар томонлар ҳукуматларининг уларни тасдиқлаб, келгусида Чегара тўғрисидаги шартноманинг давлат раҳбарлари даражасида имзоланиши, ратификация қилиниши ва ратификация ёрлиқлари билан алмашинувидан сўнг юридик кучга эга бўлади.
Айни пайтда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва доимий қўллаб-қувватлаши туфайли қисқа вақт ичида комиссиялар мамлакатимиз ва қўшни республикалар чегара чизиқларининг энг мураккаб ва чигал ҳудудлари бўйича ўзаро мақбул ечим топишга эришди, дейиш учун тўла асослар бор.
Шубҳасиз, ўзбек-қирғиз ва ўзбек-тожик чегаралари тўғрисидаги келишувларнинг имзоланиши ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг туташ нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги келишувлар мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлди.
Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшни мамлакатлар билан давлат чегараларини ҳуқуқий расмийлаштиришни якунлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон фуқаролари Марказий Осиёнинг қардош халқлари ўртасидаги чегаралар тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик чегараси бўлишига ишонадилар.
Илҳом Неъматов,
Ўзбекистон Республикаси
Ташқи ишлар вазирлигининг
махсус топшириқлар бўйича элчиси,
иқтисод фанлари номзоди.

 

ЎзА