Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Нўъмон Абдуғаффорзода билан суҳбатлашди.
– Суҳбатимиз бошида Тожикистоннинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Тожикистон – юксак чўққилар, жўшқин ва сержилва дарёлар, гўзал ва бетакрор кўллар, музликлар, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга ўлка. Сиз Вахш водийсининг жазирама иссиғида тоблангач, Помирнинг абадий музликлари воҳасида салқинлашингиз мумкин.
Тожикистон улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Чунки мамлакат ҳудудининг 93 фоизи Помир, Ҳисор-Олой ва Тянь-Шань тоғ тизмаларидан иборат. Тожикистон ҳудудида денгиз сатҳидан 2800 дан 7495 метр баландликкача бўлган улуғвор Помир тоғлари жойлашган. 7 минг метр баландликдаги Исмоил Сомоний ва Евгений Корженевский чўққилари, альпинистлар йўлаклари, овчилик хўжаликлари, табиий ландшафтлар, ғорлар ҳамда минерал сув булоқлари – ноёб маҳаллий сайёҳлик ресурслари ҳисобланади. Тожикистонда ҳар йили халқаро альпинистлар экспедициялари ташкил қилиниб, уларда турли мамлакатлар альпинистлари баланд чўққиларга кўтарилади. Барча қитъалардан келган бу спортчилар Помирнинг энг баланд қутби – Исмоил Сомоний чўққисини забт этишга интилади.
Мамлакатдаги баланд тоғлар ичида Фон тоғлари сайёҳлар ва альпинистлар орасида айниқса машҳур. Ушбу тоғларнинг тошли чангалзорларида, 2200 метр баландликда шимолий Тожикистоннинг энг йирик кўли – Искандаркўл жойлашган. Бу ерда сайёҳлар юлдузлар ва кўл юзасидан кўтарилган гўзал туман манзарасини кузатиши мумкин.
Тожикистон шунингдек, саргузашт туризми, санаторий-курорт даволаниш ва дам олиш, рекреацион туризм, рафтинг, тарихий-маърифий ва этнографик, тоғ-чанғиси, ов туризми каби турли жозибадор сайёҳлик йўналишларига ҳам эга.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда экотуризм, агро ва гастрономик туризм сингари янги сайёҳлик турлари ҳам тобора оммалашмоқда.
Тожикистон ҳудудида қарийб 200 минерал сув булоқлари мавжуд бўлиб, туризмнинг санаторий-курорт йўналиши яхши ривожланган. Улар орасида энг машҳурлари “Хўжа Оби гарм” курорти, “Шаамбар”, “Оби гарм”, “Зумрад”, “Ҳавотоғ” сиҳатгоҳларидир. Ушбу сиҳатгоҳ ва курортларда юрак қон-томир, суяк-мушак тизимлари, нафас йўллари, ошқозон-ичак тракти, жигар ва ўт йўллари, гинекология ва тери касалликларини даволаш хизматлари кўрсатилади. “Гармчашма”, “Башор”, “Шоҳдара” сиҳатгоҳларининг иссиқ булоқларида оҳак қатламлари ҳосил бўлади. Айниқса, Хоруғ шаҳридан 35 километр узоқликда жойлашган “Гармчашма” булоғида улар ўзгача нафислик касб этган. Бу булоқ денгиз сатҳидан 2325 метр баландликда жойлашган бўлиб, ўта оппоқ травертинлари туфайли узоқдан ҳам яққол кўзга ташланади.
Тарихий-маърифий сайёҳлик йўналиши бўйича Тожикистонга келган меҳмонларга 3000 дан ортиқ ўрин таклиф этилади. Саразм Тожикистондаги жаҳон меросига тааллуқли қадимий ёдгорлик бўлиб, у милоддан аввалги IV-II асрларга оид овулдир. 1600 йил аввал лойдан ясалган дунёдаги энг йирик – 13 метрлик уйқудаги Зерван буддаси ҳайкали миллий музейимизда сақланади.
– Туризм соҳасининг самарали фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Тинчлик ва миллий бирдамлик асосчиси – миллат Етакчиси, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг қўллаб-қувватлаши билан ҳозирги кунда сайёҳлик тармоғини ривожлантириш бўйича барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Тожикистонда туристик виза беришнинг электрон тизими йўлга қўйилган бўлиб, ундан дунёнинг 112 мамлакати аҳолиси бемалол фойдалана олади.
Ҳукумат қарори билан сайёҳлик фирмалари ўз фаолиятининг дастлабки 5 йилида даромад солиғи тўламайди. Шунингдек, туристик объектлар қурилиши учун четдан келтириладиган барча зарур техника, қурилиш материаллари божхона тўловлари ва қўшимча қиймат солиғидан озод этилган.
Ҳукумат касаначилик асосида фаолият юритувчи халқ ҳунармандларини барча турдаги солиқ тўловларидан озод қилган. Зеро, сувенирлар – сайёҳлар ташрифининг ажралмас бир қисми ҳисобланади.
– Тожикистонда туристик ресурсларни ички ва халқаро бозорларга олиб чиқиш қай даражада амалга оширилмоқда?
– Туризм соҳасида халқаро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган бўлиб, у тобора мустаҳкамланмоқда. Тожикистон халқаро ва давлатлараро тадбирлар, сайёҳлик ярмаркалари ҳамда Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти комиссиялари йиғилишларида фаол иштирок этиб келаётир.
Таъкидлаш жоизки, Тожикистон туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ўзининг илк дадил қадамларини қўймоқда. Бу жараёнда дунё тажрибасини ўрганиш, мамлакат туристик ресурсларини тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда тожик, рус ва инглиз тилларида http:traveltajikistan.tj миллий сайёҳлик портали яратилди. Бугунги кунда порталнинг араб, немис, француз, хитой ва испан тилларидаги версияларини яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, машҳур ижтимоий тармоқларда ҳам туристик йўналишдаги расмий саҳифамиз мавжуддир.
Биз мунтазам равишда ахборот-тарқатма материаллар, жумладан, сайёҳлик хариталари, туристлар учун йўлкўрсатгич ва рисолалар, аудио-видеоматериаллар чоп этиб, уларни турли мамлакатлардаги элчихоналаримиз орқали тарқатмоқдамиз.
– Тожикистонда 2030 йилга қадар туризмни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган. Шу ҳақда батафсилроқ маълумот берсангиз.
– Президентимиз Имомали Раҳмоннинг “Тожикистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги мамлакатимиз Мажлиси Олига йиллик мурожаати асосида қабул қилинган фармонга мувофиқ, ҳукумат томонидан 2030 йилга қадар Туризмни ривожлантириш бўйича миллий стратегия тасдиқланди.
Мазкур стратегия юртимизда 2030 йилгача туризмни ривожлантиришнинг мақсад ва вазифаларини, устувор йўналишларини белгилаб беради ҳамда режалар ишлаб чиқишда, фуқароларнинг сайёҳлик соҳасидаги тадбиркорлик ташаббусларида муҳим омил ва қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Стратегиянинг асосий мақсади мамлакатимизда туризмнинг барқарор ривожланишини таъминлашдан иборат бўлиб, унга эришиш мақсадида туризм соҳасини ривожлантиришнинг институционал асосларини яратиш, замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлик имкониятларни мустаҳкамлаш ва уларни ҳар томонлама тарғиб этиш, хизмат кўрсатиш даражасини ошириш орқали туристик маҳсулотлар рақобатбардошлигига эришиш, маркетинг ва сайёҳлик маҳсулотлари ҳисобидан миллий туризм брендини шакллантириш ва танитиш, табиий ва рекреацион ресурслар, тарихий-маданий меросларни муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, сайёҳлик тармоғига кадрлар етиштириб бериш, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, туристик кластерни, соҳани ривожлантириш йўлида инновацияларни жорий этиш ва инвестиция киритиш каби стратегик вазифалар белгиланган.
– Қайси халқаро кўргазмаларда иштирок этгансизлар ва уларда қандай натижаларга эришилган?
– 2018 йил 7-11 март кунлари Тожикистон “ITB Berlin” номли дунёнинг энг йирик сайёҳлик кўргазмасида иштирок этиб, “Тожикистон – сайёҳлик мамлакати” шиори остида ўз салоҳиятини намойиш этди. Унда мамлакатимизни 16 туристик компаниясининг 30 нафар вакили таништирди ва турли давлатларнинг туристик фирмалари билан ҳамкорлик қилиш бўйича меморандумлар имзоланди.
Мамлакатимиз шунингдек, Россия Федерациясида ўтказилган “Интурмаркет” ва “MITT” номли йирик сайёҳлик кўргазмаларида ҳам қатнашди. Тожикистон сайёҳлик компаниялари дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилаётган кўплаб намойишларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Ана шундай кўргазмаларда қатнашиш туристик имкониятларимизни ва маҳсулотларимизни тарғиб этиш учун жуда самарали эканини таъкидлаш жоиздир.
– Тожикистонда фаолият юритаётган туристик фирмалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида Тожикистонда 53 янги сайёҳлик фирмаси ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирги кунда Тожикистонда бундай фирмалар сони 130 ни ташкил этади ва бу рақам ўсишда давом этмоқда. Туристик фирмаларнинг аксарияти сайёҳларимизни шу пайтгача бошқа мамлакатларга жўнатган бўлса, “Туризм ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили”да меҳмонларни Тожикистонга ҳам жалб қила бошлади.
Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш қўмитаси туристик компаниялар билан ҳамкорликда кўплаб янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқди. Мамлакатимиздаги бундай компаниялар вакиллари иштирокида турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда ва улар ўртасида яқин ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилган.
– Туризм тармоғи манфаати йўлида қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда?
– Тожикистон Республикаси мустақилликка эришганидан буён бевосита туризмни ривожлантиришга хизмат қиладиган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 2009-2019 йилларда Туризмни ривожлантириш концепцияси, 2018-2020 йилларда Тожикистон Республикасида Туризмни ривожлантириш дастури, янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги қонуни, “Ҳунармандчилик тўғрисида”ги қонуни, Тожикистон Республикасида 2030 йилга қадар Туризмни ривожлантириш миллий стратегиясининг ишлаб чиқилиши ушбу тармоқ билан боғлиқ маълум муаммоларни ҳал этишига ҳамда мамлакатда соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилади.
– Кадрлар тайёрлаш масаласидаги тажрибангиз хусусида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Ходимларимиз мамлакатимиздаги ва чет эллардаги малака ошириш курсларида ўқитилади. Жорий йилда қўмитамиз ходимлари Испания, АҚШ, Япония, Қатар ва бошқа давлатлардаги курсларда ўқиб, малака оширишди. Тожикистонда бугунги кунда туризм соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган 12 олий ва ўрта-махсус таълим муассасаси мавжуд. Юқорида кўрсатилган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган, шунингдек, мунтазам равишда талабаларнинг қўмита аппаратида ва сайёҳлик фирмаларида амалиёт ўташи йўлга қўйилган. Соҳа мутахассислари учун ҳамкорларимиз билан биргаликда қисқа муддатли ўқув-курслари, семинарлар ўтказиб келинмоқда.